АҚШ Ўзбекистонга товар импорт қилишда ҳушёрликка чақирди
АҚШ Савдо вазирлиги ва Молия вазирлиги Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши кураш бўйича тавсияларни тақдим этди.
Қўшма Штатлар Украинадаги уруш сабабли Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкцияларни жорий қилди ва уларни четлаб ўтишга қарши қатъий чораларни кўрмоқда. Аммо барибир санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатлари юз беряпти. Бу ҳақда АҚШ Савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан тузилган санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича тавсияномаларда айтилган.
Департаментлар Америка маҳсулотлари ёки чекловларга дучор бўлган бошқа товарлар билан савдо қилувчи компанияларни, биринчи навбатда, ҳушёр бўлишга чақирди. Шунингдек, санкциялар бузилиши белгилари мавжуд бўлса, қўшимча текширувлар ўтказишни тавсия қилди.
Санкцияларни четлаб ўтишга уриниш бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган белгилар ( «қизил байроқлар») қуйидагилар:
- харидор томонидан маҳсулотдан нима мақсадда фойдаланмоқчи экани ҳақидаги маълумотни беришни истамаслиги, шу жумладан махсус ҳужжатни тўлдиришдан бош тортиши;
- халқаро банк ўтказмалари учун қалбаки компанияларидан фойдаланиш;
- сотиб олинган товарларни ўрнатиш, ўргатиш ёки техник хизмат кўрсатишдан бош тортиш;
- мижознинг IP-манзили ва у томонидан кўрсатилган манзил ўртасидаги фарқ;
- Интернетда кам тавсифланган ёки умуман нотаниш ташкилотлар билан операциялар;
- товарларни Хитой (шу жумладан Ҳонконг ва Макао), шунингдек, Россияга яқин бўлган бошқа мамлакатлар - Арманистон, Туркия, Ўзбекистон орқали етказиб бериш;
- харидорга алоқадор бўлмаган компаниядан тўловни қабул қилиш ва бошқалар.
Қайд қилинишича, 2023 йилнинг уч ҳафтасида АҚШ Молия вазирлигининг Молиявий жиноятларга қарши курашувчи FinCEN бўлими банкларнинг Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга доир уринишлари бўйича 100 дан ортиқ хабар олган. Bloomberg хабарига кўра, шунча миқдордаги хабар ўтган икки йил давомида олинган эди. Хабарлар сонининг кескин ошиши АҚШ расмийларининг хабар етказувчиларни мукофотлаш ваъдаси билан боғлиқ - улар санкцияларни бузганлик учун расмийлар ундирадиган жариманинг 10 дан 30 фоизигача мукофот олиши мумкин.
Аввалроқ, Европа Иттифоқининг санкциялар ижроси бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О'Салливан Россияга қарши санкцияларга риоя этилиши ва уларнинг амалда эканига ишонч ҳосил қилиш муҳимлигини айтган эди.
«Менинг вазифам учинчи давлатлар, қўшниларимиз ва бошқа давлатлар билан бу санкцияларни четлаб ўтиш имконияти бор-йўқлигини муҳокама қилишдир», деди сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, Россияга экспорт ҳажмини ошираётган давлатларга Европа Иттифоқи экспортининг «шубҳали» ўсиши қайд этилган. О'Салливаннинг таъкидлашича, бу нимадир нотўғри кетаётганини кўрсатиши мумкин. Мисол тариқасида у Сербия, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларини кўрсатди.
«Гап бу мамлакатларни танқид қилиш эмас, балки улар билан юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилишда. Иттифоқчиларимиздан фарқли ўлароқ, бу давлатлар санкцияларга қўшилмаслик йўлини танлади, лекин улар санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришни истамаслигини айтди. Биз уларнинг ўз ваъдасига амал қилаётганини текширамиз, нима бўлаётганини, қандай чоралар кўрилаётганини ўрганамиз», деди О'Салливан санкцияларни четлаб ўтиш жиноят эканини эслатиб.