Танзила Норбоева Қатарда ўтказилган БМТ конференциясида иштирок этди
Анжуман халқаро ёрдамга энг муҳтож бўлган кам ривожланган мамлакатларга бағишланди.
Қатарнинг Доҳа шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) кам ривожланган мамлакатлар (КРМ) бўйича юқори даражадаги 5-конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Халқаро ёрдамга энг муҳтож бўлган кам ривожланган мамлакатларда ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали барқарор ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.
Ҳозирги вақтда 46 мамлакат кам ривожланган мамлакатлар тоифасига киритилган бўлиб, улардан 33 таси Aфрика давлатлари ҳисобланади. Ушбу рўйхат аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад, инсон тараққиёти индексидаги ўрни, иқтисодий ва экологик заифлик индексидаги ўрни каби мезонлар асосида ҳар йили янгиланади.
Доҳа конференцияси иштирокчилари 2011 йилда қабул қилинган Истанбул ҳаракатлар дастури қоидаларини баҳолаш, кам ривожланган мамлакатларни халқаро қўллаб-қувватлаш ва бу жараёнга қўшимча ҳаракатларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилмоқда. Шунингдек, кам ривожланган мамлакатлар ва уларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари ўртасида таркибий ривожланиш муаммоларини ва қашшоқликни бартараф этиш, халқаро миқёсда келишилган барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва кам ривожланган мамлакатлар тоифасидан чиқишни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда конференция президенти, БМТ бош котиби, Бош Aссамблея раиси, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш раиси, кам ривожланган мамлакатлар гуруҳи раиси, ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари ва кам ривожланган мамлакатлар ёшлари вакиллари баёнотлар билан чиқди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева COVID пандемияси, тобора кескинлашиб бораётган глобал зиддиятлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги таҳдидлари, иқлим ўзгаришининг фожиавий оқибатлари Барқарор ривожланиш мақсадларининг тўлиқ бажарилишини янада қийинлаштираётганига урғу берди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, кам ривожланган мамлакатларнинг саноат ва хизматлар тармоқларига киритилаётган инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш, бу борада ЮНКТАД ва бошқа халқаро ташкилотлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг ягона базасини ва онлайн-харитасини шакллантириш, уларнинг тақдимотларини дунё миқёсида мунтазам ўтказиб бориш, муҳтож давлатлар ташқи бозорларга чиқишида замонавий стандартлар, карантин ва санитария талабларини бажариш, электрон савдо тизимларини ривожлантиришда ҳар томонлама амалий кўмак бериш, кам ривожланган мамлакатларни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш каби таклифларни илгари сурди.
Кам ривожланган мамлакатлар ва уларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари, жумладан хусусий сектор, фуқаролик жамияти ва барча даражадаги ҳукуматлар ўртасида янгиланган ва мустаҳкамланган мажбуриятларнинг янгидан шаклланишини мақсад қилган ДҲД якуний матни БМТ Бош Aссамблеясининг 2022 йил 1 апрелдаги резолюцияси билан тасдиқланган эди. Анжуманда ушбу дастурнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Конференция юқори даражадаги тематик давра суҳбатларини ҳам ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир сессиянинг қисқача мазмуни конференциянинг якуний ҳисоботида ўз аксини топади.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024