Ўзбекистон | 14:07 / 09.03.2023
36451
2 дақиқада ўқилади

Журналист Акмал Тошев 38 ёшида вафот этди

Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлгани айтилмоқда.

Акмал Тошев Фото: Ижтимоий тармоқ

“Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририяти бош мутахассиси Акмал Тошев 38 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz’га таҳририят ходимлари маълум қилишди.

Бош прокуратура суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.Тошевнинг ўлими "Юрак тампонадаси, ўпка артерияси аневризмасининг ёрилиши, юрак туғма нуқсони, юрак бўлмачалари дефекти"дан келиб чиққани ҳақида хабар берган.

Акмал Тошев 1985 йил 6 апрелда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида бакалавриат (2004–2008-йиллар), магистратура (2011–2013-йиллар) босқичларида таҳсил олган.

“Моҳият лаҳзалари” (2008), “Фариштали кунлар” (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари “Қашқадарё баёзи” (2007), “Ёшлар китоби” (2008) ҳамда “Олтин кўприк” (2010) альманахларига киритилган.

“XXI asr”, “Ишонч” газеталари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматида фаолият юритган журналист сўнгги уч йилдан буён “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририятида ишлаб келаётганди.