Гуржистонда «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун қайтарилганидан кейин ҳам намойишлар давом этяпти
Минглаб одамлар яна Тбилиси марказида норозилик намойишига тўпланишди. Мухолифат ҳукуматдан Гуржистоннинг ғарбпараст йўл тутишига кафолат талаб қилмоқда.
Гуржистонда «чет эл агентлари» ҳақидаги баҳсли қонун лойиҳаси қайтариб олинганига қарамай, ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда. 9 март, пайшанба куни минглаб одамлар яна Тбилиси марказида норозилик акциясига йиғилди. Намойишчилар Гуржистон, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини ушлаб туришган.
Мухолифат ўз тарафдорларини Гуржистон ғарбпараст йўл тутишига кафолат олмагунча намойишларни давом эттиришга чақирди. Аввалроқ Гуржистоннинг ҳукмрон партияси Россиядаги худди шундай қонунга ўхшаб кетадиган ва у ерда ўзгача фикрни бостириш учун қўлланадиган қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олган эди. Ҳужжатни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор зўравонлик ва ўнлаб мухолифат вакилларининг ҳибсга олиниши билан кечган оммавий норозилик намойишлари фонида қабул қилинган.
Парламент 7 март куни баҳсли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамука Мдинарадзе 9 март куни унинг шериклари ҳужжатни иккинчи ўқишда бекор қилишига ваъда берди. Унга кўра, парламент спикери Шалва Папуашвили аллақачон Венеция комиссиясига «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қайтариб олиш тўғрисида хат юборган.
«Биз инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирмаслик учун қонун лойиҳасини қайтариб олишга қарор қилдик. Сўнгги кунларда содир бўлган ҳаракатлар билан боғлиқ шундай хавфлар бор эди», - деди Мдинарадзе. Сўнгги кунлардаги тартибсизликлар натижасида ўнлаб полициячилар яраланган, 70 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган.
9 март куни Гуржистон Ички ишлар вазирлиги 7 ва 8 март кунлари «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши ўтказилган норозилик акцияларида маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинганларнинг барчаси озод этилганини маълум қилди.
Аввалроқ «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини кескин танқид қилган Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ушбу ҳужжатнинг парламентдан қайтарилишини намойишчиларнинг муваффақияти деб атади. «Мен ҳамжамиятни биринчи муваффақияти билан табрикламоқчиман. Ўзини эшитишга мажбурлаган одамлар билан фахрланаман», деди у расмий ташриф билан бўлиб турган Нью-Йорк шаҳридан йўллаган телемурожаатида.
Гуржистоннинг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси аввалроқ қонун лойиҳасини парламентдан сўзсиз қайтариб олишини эълон қилган эди. Партия қонун лойиҳасининг «ёмон, чалғитувчи» эканлигини таъкидлаб, унинг маъносини жамоатчилик билан музокараларда яхшироқ тушунтиришга ваъда берди.
Қонун лойиҳасига кўра, хорижий молиялаштириш улуши 20 фоиздан ортиқ бўлган барча ташкилотлар юқори жарима ёки қамоқ жазоси таҳдиди остида «чет эл агентлари»нинг махсус реестрида рўйхатдан ўтишлари керак эди.
Мавзуга оид
13:37 / 06.11.2024
Гуржистонда 30 та участкада сайлов натижалари бекор қилинди
23:25 / 04.11.2024
Гуржистонда минглаб одамлар парламент сайловлари натижасига қарши митингга чиқди
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
12:10 / 02.11.2024