Жаҳон | 12:10 / 02.11.2024
1434
4 дақиқада ўқилади

Edison Research: Гуржистондаги сайловлар натижалари сохталаштиришдан далолат беради

Ғарбий ижтимоий институт Гуржистондаги сайлов натижалари манипуляция қилинган деган хулосага келди. Edison Research маълум қилишича, экзитполлар ва расмий натижалар ўртасидаги 13 фоизлик фарқ сохталаштиришдан далолат беради.

Фото: Nikita Oshuev/DW

Edison Research социологик институти 1 ноябр, жума куни маълум қилишича, Гуржистонда яқинда ўтказилган парламент сайловларининг баҳсли натижалари таҳлили, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 54 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани, кенг кўламли сохталаштиришдан далолат беради — расмий натижалар ишончли сўров натижаларидан кескин фарқ қилади. Edison Research тадқиқотига кўра, «Гуржистон орзуси» атиги 40,9 фоиз овозга эга.

«Edison Research тахмини ва «Гуржистон орзуси»нинг 54 фоизлик расмий натижаси ўртасидаги 13 фоизлик фарқни фақат оддий оғишлар билан изоҳлаб бўлмайди, бу маҳаллий даражадаги овозларни манипуляция қилишдан далолат беради. Эдисон текшируви шуни кўрсатдики, статистик кутилган натижалардан оғишлар кенг тарқалган, аммо улар алоҳида қишлоқ участкаларида яққол кўзга ташланди ва айнан ўша ерда овозлар билан манипуляция энг катта бўлиши мумкин», деди Edison Research ижрочи вице-президенти Роб Фарбман.

Ижтимоий институт 2012 йилдан бери Гуржистонда экзитполлар ўтказаётганини ва унинг олдинги барча сўровлари расмий натижаларга тўғри келганини, 2024 йилгача бўлган бешта экзитполда «Гуржистон орзуси» овозларининг ўртача хатоси 2 фоиздан кам бўлганини таъкидлади. Жорий сайлов натижаларига кўра, «Гуржистон орзуси» 40,9, мухолиф партиялар эса 51,9 фоиз овоз олишлари керак эди, деб ҳисоблайди Edison Research.

Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди

Гуржистон мухолифати вакиллари парламент сайловлари натижаларига қарши навбатдаги митингни эълон қилди. Гуржистоннинг бир қанча сиёсий партиялари вакиллари 31 октябр куни бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида тегишли баёнот билан чиқди.

Сиёсатчиларнинг сўзларига кўра, улар 26 октябр куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида «катта миқёсдаги фирибгарликларнинг жиддий далилларини» тўплашга муваффақ бўлишган. Улар яна бир бор янги сайловлар ўтказиш ва «кенг тарқалган сайлов жиноятлари устидан халқаро тергов ўтказиш»га чақиришди.

Мухолифатчилар 4 ноябр, душанба куни Тбилиси марказида ўтказиладиган митингда батафсил ҳаракатлар режасини эълон қилишга ваъда беришди. «Биз душанба куни соат 19.00 да Руставелида учрашамиз ва ҳаракатлар режаси ҳақида сизга хабар берамиз», деди «Кучли Гуржистон» коалициясидан Ана Долидзе.

ОАВ мухолифатдаги Гуржистон коалицияси вакили Элен Чоштариянинг сўзларидан иқтибос келтиради: «Мамлакатимизда давлат тўнтариши бўлди ва бизнинг умумий вазифамиз кўчага чиқиш ва мамлакат келажаги устидан назоратни тиклашдир». 

Гуржистон мухолифати парламент сайловларидан кейин уюштирган аввалги митинг 28 октябр куни Тбилисидаги мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган. Ўшанда Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили минглаб намойишчилар олдида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари йиғилганларга «овоз бериш бўйича конституциявий ҳуқуқларини» ҳимоя қилиш учун курашишга ваъда берди. «Ҳозир пессимизм вақти эмас, энди хотиржамлик билан, бошингизни кўтариб, овозларингизни ҳимоя қилиш муҳим», деди у ўшанда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид