Жамият | 14:17 / 10.03.2023
20776
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: 10 тонналик кранни бўйсундирган аёл ҳикояси

Уч йилдан бери қурилишда ишлаётган Шаҳзода Менглибоева ҳар куни 10 тонналик кранни бошқариш учун 50 метр баландликка чиқиб тушади. 2018 йилда Тошкентга иш излаб келган қаҳрамонимиз пул топиш учун Қўйлиқ бозорида юк тушириб, 50 килограммгача оғирликдаги қопларни ташишига ҳам тўғри келган.

Ёлғиз онани икки фарзандини ҳалол луқма билан боқиш, йиғилиб қолган қарзлардан қутулиш умиди Сурхондарё вилоятидан Тошкентга етаклаб келган. Бироқ бу у ўйлаганчалик осон кечмаган.

«Келган пайтим қиш эди. Тошкентда кунлик ишларда, бозорларда ишлаб пул топса бўлар, деб ўйлаганман. Аммо ҳа деганда иш тополмаганман. Эълонларни кўриб, қаерда иш бор дейилса, ахтариб кўчама-кўча юрганман совуқда. Борадиган, ётадиган жойим йўқ эди. Супермаркетларда исинардим. Кафеларда идиш-товоқ ювганман. Қўйлиқ бозорида юк ташувчи бўлиб бир йил ишладим. 50 кг юк кўтарардим, фарзандларингиз бўлса, оғир-енгиллиги кўринмас экан. Қишда совуқ сувда лимон ювардим», — дея хотирлайди ўтган кунларини Шаҳзода Менглибоева.

Кранчи бўлиб ишлашни тавсия қилишганида бу иш бозордаги оғир меҳнатдан чарчаган аёл учун анча енгил кўринган. Аммо 52,5 метрлик кранга чиқиш у ўйлаганчалик осон бўлиб чиқмади. Ўшанда атрофдагилар ишончи ҳайбатли темир техника қаршисидаги қўрқувдан кучли келганди.

«Ишлаб кетишим хаёлимда бўлмаган. Одатда кранга чиқаётганда ўртада тўхтаб дам олинади, мен эса яна нарвонга қайтиб чиқолмайман, деб 47 метр баландликка дам олмасдан чиққанман. Биринчи, иккинчи кунлари ўзлари олиб чиқиб ўргатишган. Учинчи кундан ўзим чиққанман. Устозим қаттиққўл эди, 100 литрлик бочкага сув олдириб, уй томидаги белгига қўйдирарди. Озгина хато қилсам, 3 марта қайтадан қилдирарди», — дейди у.

Шаҳзода бошқарувидаги кран 10 тоннагача юкни кўтаришга мўлжалланган. Қаҳрамонимиз ишининг масъулиятини доим ҳис қилишини таъкидлайди.

«Кран бошқараётганда, юк илувчининг гапидан бошқа нарсани ўйламаслик керак. Чалғишга ҳаққимиз йўқ. Чунки юкни қўйгунча одамларнинг ёнидан ўтамиз, ёмон оқибатлари бўлиши мумкин. Шунинг учун кран ишида хато қилиб бўлмайди. Илувчимиз рацияда бизга кўринмайдиган жойларни айтиб туради. Юк илувчи одамсиз ишламаймиз, унинг роли катта жараёнда. Энди ишга кирган пайтларимда секин ишлардим, гап эшитиб қолардим. Азбаройи эҳтиёт бўлишга ҳаракат қилардим. Ишлаётганимга 3 йил бўляпти. Шу пайтгача хато қилмаганман, лекин барибир аёл кишида қўрқув бўлади»,  — дейди кранчи аёл.

Шаҳзода икки фарзанднинг онаси. Улар қишлоқда холаси билан бирга яшаяпти. Қизи 10, ўғли 7 ёшда. У иш билан бўлиб, уч ойлаб болаларини кўролмайди.

«Ўғлим ҳали кичкина бўлгани учун келинг, деб йиғлайди. Қизим тушунчали, ақлли. У онам қаҳрамон деб мағрурланади. Биламан, фарзандларимнинг ёшлик онларини йўқотяпман, уларнинг ўсаётганини кўролмаяпман. Она бўлиб ёнида бўлолмаётганимдан эзиламан. Аммо ёнида бўлсам-у, еб-ичишига, кийимига, ўқишига пул топиб беролмасам... Уларнинг ҳамма нарсаси тўкис бўлишини истайман. Ҳозир уларга холаси қарайди. Хола меҳрибон бўлади, мендан ҳам яхши қарайди деб ўйлайман, ундан миннатдорман. Орзу-мақсадим — фарзандларим ёнимда бўлиши. Ёшлик пайтларини кўп кўролмагандирман, бу ёғига уларни ўзим мактабга кузатиб, ош-овқатини қилиб беришни истайман. Мактабдан келиб баҳоларини мақтанишини кўришни хоҳлайман», — дейди у.

Қийинчиликларга қарамай заҳматкаш аёл ҳаётидан нолимайди. У меҳнати ортидан кун келиб ёруғликка чиқишига умид қилади.

«Ишимдан завқ туяман. Баландликда ишлаётганингизда бутун шаҳар кўринади. Йиллар ўтиб қурган биноларимизнинг ёнидан ўтганда фахр туямиз. Келажакда фарзандларим, невараларим шу биноларни қуришга бувижоним ҳисса қўшган деб фахрланишини истайман», — дейди Шаҳзода.

Мақсуда Абдуқаюмова,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асрор Алмуродов.

Мавзуга оид