Жамият | 16:38 / 01.12.2023
26828
3 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: ғам-қайғусини меҳнат билан енгаётган қишлоқ аёли

Шафоат опа Арзамова қишлоқ аёллари билан бирга кунлик ишларга чиқади. Боғларда мева, далада пахта теради. Айни пайтда у сабзи кавлаш ишларига жалб қилинган. Матонатли аёлнинг кенжа ўғли муҳожирликда касаллик орттириб келиб вафот этган. Фарзанд доғини кўтара олмаган ота ҳам эрта ҳаётдан кўз юмди. “Кунлик ишларга чиқиб ўзимни овутишга ҳаракат қиламан. Ҳам рўзғор камчиликларини бутлайман”, дейди у.

“Пахта териш мавсуми тугаб, энди сабзи йиғиштиришга тушдик. Ҳар бир кунимизга 90 минг сўмдан беришади.

Эрта тонгдан то кеч 16:30 ларга қадар даладамиз. 57 ёшдаман. Танишларим пенсия пулингизни олиб тинчгина уйда ўтирсангиз бўлмайдими, дейишади. Уйда ўтира олмайман. Кунлик ишда пул топиб рўзғор камчиликларини бутласам дейман. Тўрт мучам соғ, Яратганга шукр, меҳнат қилишга ярайман.

Оилада 9 жонмиз. Катта ўғлимнинг 4 фарзанди бор. Турмушга чиқиб кетган қизим ҳам биз билан яшайди. Ўғлим қишлоқда устачилик қилади.

Сабзида декабрнинг ярмига қадар иш бор. Январ, феврал ойларида кунлик ишлар камаяди. Шу вақтда озгина дам оламиз. Март ойларидан эса яна қўлимиз қўлимизга тегмайди.

Турмуш ўртоғим вафотидан кейин оилада ҳам ота, ҳам онаман. Ҳеч бир бандага фарзанд доғини бермасин экан. Кенжа ўғлим 20 ёшида Россияга ишлагани кетиб, касал бўлиб қайтди. Бир неча касалхоналарга олиб бориб даволатишга ҳаракат қилдик. Лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмади. 2011 йилда вафот этди. Фарзанд доғини кўтара олмай турмуш ўртоғим ҳам эрта ҳаётдан кўз юмди.

Эрта баҳордан бошлаб то декабр ойи охиригача кунлик ишларга чиқиб ризқимизни териб келамиз. Йил бўйи ишлаб буғдой, кўмир, ёғ, гуруч ғамлаб қўяман. Фарзандларим муҳтожлик кўрмасин дейман. Бир кун ишлаб келиб рўзғоримни бут қилсам, Яратганга шукрлар айтаман. Бундан ортиғини сўрамайман. Мардикорчиликни ҳар хил талқин қилишади. Эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Мардикорлик қилиб юрибди бу аёл деган гап-сўзлардан уялмайман. Чунки шу орқали рўзғор тебратяпман. Бахт мен учун фарзандларим ёнимда экани, невараларим борлиги.

Улар соғ ва тинч бўлса, мен учун ундан катта бахт йўқ. Ишдан чарчаб келганимда невараларим ёнимга югуриб келишади. Уларни кўриб бор чарчоқ ҳам чиқиб кетади”, – дейди Шафоат опа Арзамова.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Асрор Алмуратов

Мавзуга оид