Жаҳон | 09:57 / 10.03.2023
6398
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари: Россиянинг Украинага янги зарбалари - ҳарбий жиноят

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 9 мартга ўтар кечаси Россия томонидан Украинадаги тинч аҳоли объектларига уюштирилган ракета ҳужумларини кескин қоралади. 

Фото: Reuters

«Россиянинг тинч аҳоли ва электр тармоқлари тизимини нишонга олган зарбалари ҳарбий жиноят ҳисобланади», деб ёзди фон дер Ляйен Twitter саҳифасида. 

Шу билан бирга, у бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар Брюссел ва Киевнинг «Украинадаги ислоҳотларни Европа йўлида илгари суришда давом этиш»даги муштарак қатъиятини кучайтиришини таъкидлади.

Бундан олдин Россия яна Киев, Одесса, Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларини ўққа тутганди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони жами 81 ракета учирилганини маълум қилди. Олти киши ҳалок бўлган. 

«Душман яна бир бор украиналикларни қўрқитишга уриниб, ўзининг аянчли тактикасига қайтган ҳолда 81 та ракета отди», деб ёзди Украина президенти Володимир Зеленский пайшанба куни эрталаб ўзининг Telegram-каналида. 

«Босқинчилар фақат тинч аҳолини қўрқитиши мумкин. Уларнинг қўлидан келадиган нарса шу. Лекин бу уларга ёрдам бермайди», деди Украина президенти. 

Улар қилган ишлари учун жавобгарликдан қочиб қутула олмайдилар, деди у. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Украинага амалга оширилган» тунги ҳужум камида 10 та вилоятида қайд этилган, қурбонлар ва ярадорлар бор.

Мавзуга оид