22:37 / 13.03.2023
94468

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кунига 15 дақиқага камайтириш иммунитетни яхшилайди 

Бундан ташқари, одамларда ёлғизлик ва депрессия туйғуларининг кўрсаткичи пасаяди. 

Фото: Getty Images

Англиянинг Суонси университети тадқиқотчилари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кунига 15 дақиқага қисқартириш умумий саломатлик ва иммунитетни сезиларли даражада яхшилашини аниқлади. Бундан ташқари, одамларда ёлғизлик ва депрессия туйғуларининг кўрсаткичи пасайди. Тадқиқот натижалари Journal of Technology in Behavior Science журналида чоп этилди. 

Тадқиқот давомида муаллифлар уч ой давомида 20-25 ёшдаги 50 иштирокчини (33 аёл ва 17 эркак) кузатдилар. Ҳар ойда уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларни кўришга қанча вақт сарфлагани таҳлил этилди, кейин эса одатдаги вақтини кунига 15 дақиқага қисқартириш сўралди. Олинган маълумотлар ижтимоий тармоқлардан одатдагидек фойдаланган ёки атайлаб бошқа бирор нарса билан шуғулланган назорат гуруҳининг маълумотлари билан таққосланди. 

Натижалар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни камайтирган гуруҳнинг иммунитети ўртача 15 фоизга яхшиланган. Хусусан, улар шамоллаш ва гриппга камроқ чалинган, уйқу сифати 50 фоизга яхшиланган ва депрессия белгилари 30 фоизга камайган. 

Келажакда тадқиқотлар орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва саломатлик омиллари ўртасидаги боғлиқликни чуқурроқ таҳлил қилиш режалаштирилмоқда. Жумладан, бу руҳий тушкунлик ёки жисмоний фаолият каби кўрсаткичлар билан боғлиқлигини аниқлашни ўз ичига олади. 

Top