«Сўнгги йилларда инсоният қатор глобал муаммо ва офатлар билан рўбарў келмоқда. Улардан бири бундан уч йил олдин эълон қилинган ва ҳануз асоратлари сезилиб турган коронавирус пандемиясидир.

Одамлар ҳаёти, дунё иқтисодиёти ва тиббиётига мисли кўрилмаган талафот етказган COVID-19 вируси коинотни забт этаётган бани башарнинг фақатгина микроскоп орқали кўриш мумкин бўлган зарра қошида ожиз эканини яна бир бор эслатиб қўйди.

Шу билан бирга, йиллар давомида йиғилиб борган қатор ижтимоий, тиббий, экологик муаммолар Ер шари аҳолисининг қаршисида бирлашиб бўй кўрсатди. Хитойнинг Уҳан шаҳридан бошланган «кўршапалак парвози» қисқа даврда бутун сайёрани қамраб олди. Глобал дунёнинг бир бўлаги сифатида Ўзбекистон ҳам бу офатдан четда қолмади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Илк бемор

2020 йил 15 март.

Роппа-роса уч йил муқаддам айни шу куни Республика вирусология илмий-текшириш институти лабораториясида Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланган илк бемор аниқланди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ўша кунларни шундай эслайди:

Муҳайё Асилова

«15 март куни соат учда менга қўнғироқ қилишди, фуқаролардан бирида COVID-19 аниқланди, деб. Шундан сўнг эрталаб соат олтигача ухлолмадим, «энди нима бўлади, нима қиламиз», деган саволлар тинчлик бермаган. Эрталаб, соат олтида уйдан чиқиб кетаётганимда болаларим ухлаётганди, дам олиш куни эди. Хаёлимга ҳам келмаганки, шу кетганча ишхонада беш ярим ой қолиб кетаман, деб. 2020 йил апрелида набираларимдан бири 9 ёшга кирди, бора олмадим. Нега ишга келаётган куним тўйиб бағримга босмадим, эркаламадим, деб афсусланганман. Ишхонамиз қаттиқ қўриқланарди, ташқаридан ҳеч ким киритилмасди, 5 метр наридан яқинларимни кўраман, қўл силкийман, аниқ кўра олмайман, фақат телефонда гаплашамиз.

Бошида ташкилий масалада анча қийинчиликлар бўлди. Бир кун ичида вазирлик ёрдамида керакли аппаратлар олиб келинган. Уч соат ичида клиникада даволанаётган бошқа беморларни уйига жўнатганмиз.