“Муаммонинг ечими бор” – эртанги финал ва чипта бизнесидаги олибсотарлар ҳақида
Эртага футбол бўйича Ўзбекистон U20 жамоаси Осиё кубоги финалида ироқлик тенгқурларига қарши майдонга тушади. Бунёдкор стадионида бўлиб ўтадиган ўйин учун чиқарилган чипталар яна қўлга чиқиб кетгани айтилмоқда. Kun.uz расмийлардан, муаммонинг ечими юзасидан мутахассислардан изоҳ олди.
Тошкент шаҳри мезбонлик қилган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги ҳам қарийб якунига етди. Эртага, 18 март куни бўлиб ўтадиган финал баҳсида Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари майдонга чиқади.
Ортда қолган босқичларда чиройли ўйинлари билан мухлислар юрагидан ўрин олган футболчиларимиз иштирокидаги финал учрашувини бевосита стадиондан туриб кузатиш иштиёқида бўлган мухлислар сони ҳар қачонгидан юқори. Аммо одатда юртимизда бўлиб ўтадиган ҳамда миллий жамоамиз иштирок этадиган барча футбол турнирлари финалида кузатилиши ўрганиб қолганимиз чипталар билан боғлиқ машмашалар яна кун тартибига чиқди.
OLX’даги финал чипталари
Ўзбекистон ва Ироқ U20 терма жамоалари ўртасидаги финал чипталари савдоси ҳали расман бошланмай туриб OLX’да бу ҳақдаги эълонлар пайдо бўлди. Уларда асосий сектор ва балкондаги жойларга тегишли чипталар тез орада сотувга чиқарилиши, ким истаса телеграмдан QR-код ҳам ташлаб берилиши, шуни кўрсатиб стадионга кириб кетавериш мумкинлиги ёзилган. Бироқ бу фирибгарларнинг эълонларими ёки финал чипталари барибир қўлига етиб келишига амин бўлган олибсотарларникими, маълум эмас.
Финал чипталарининг электрон савдоси бошлангач, бу каби эълонлар янада кўпайди. Кимдир 50 мингдан олган битта ёки иккита чиптасини қимматроқ сотиш илинжида эълон берган бўлса, айрим эълонларда турли секторлардан кўп миқдорда жой сотиб олиниб, чипталарини онлайн савдога чиқарилган.
Қўлга чиқиб кетган чипталар учун ўртача 150 мингдан 900 минг сўмгача нарх белгиланган. Нархлар секторлардаги жойларга қараб ошиб боради. Чипта учун АҚШ долларида нарх белгилаганлар ҳам бор.
Айрим эълон берувчилар чипталар ҳақиқий эканини таъкидларкан, уларни онлайн савдога чиқарилган сайтдан ўзи сотиб олганини таъкидлайди.
12 мингта чипта iticket.uz сайтига берилган
Kun.uz’га мурожаат қилган ишқибозларнинг ёзишича, чипталар 17 март куни эрталаб онлайн сотувга чиқарилгач, iticket.uz сайтига киришнинг имкони бўлмай қолган. Ҳатто сайтдан билет сотиб олишга муваффақ бўлганлар ҳам iticket.uz жуда ёмон ишлаганини таъкидламоқда.
iTicket.UZ платформасига эгалик қилувчи ITICKET INGURUZ МЖЧ раҳбари Бахтиёр Маметовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, финал чипталари савдога чиқарилгач, биринчи дақиқанинг ўзида беш мингта чипта сотилиб кетган.
“Кеча кечки пайт ЎФАда айнан шу масала юзасидан йиғилиш бўлганди. Биринчи навбатда ОФК расмийларига, ҳар икки давлат футбол уюшмалари мутасаддиларига, жамоаларнинг расмий вакиллари ва футболчиларнинг яқинларига берилиши керак бўлган чипталар ажратиб олинди. Кейин қолган чипталар сотувга чиқариш учун тақсимланди. 28 мингта чиптанинг 12 мингтаси iticket.uz сайтига берилди.
Савдони эрталаб бошладик. Сотув бошланган вақтда 18 минг киши онлайн экан ва чипталар савдога чиқарилишини кутиб ўтирган эди. Чипталар сони эса ўн икки мингта. Чипталар сотуви бошланиши билан тизимга юклама ошиб кетди. Серверларимиз яхши ва ишончли бўлса ҳам бир вақтда ўн минглаб фойдаланувчи киргани учун сайт қотиб қола бошлади. Техникларимиз муаммони бартараф этиш, сайт фаолиятида узилишлар бўлмаслигини таъминлаш учун қўлдан келган ҳамма ишни қилишди.
Сотув бошланган биринчи дақиқанинг ўзида беш мингта чипта сотилиб кетди. Барча чипталар дастлабки бир соатнинг ичида сотилиб кетган бўлиши эҳтимоли юқори”, дейди Бахтиёр Маметов.
Кузатувларимиз 17 март куни соат ўндан ўн икки яримгача бўлган вақт мобайнида айрим секторларда ҳали сотилмаган чипталар борлиги кўриниб турган бўлса-да, бироқ амалда уларни сотиб олишнинг имконияти бўлмаганини кўрсатди.
Жумладан, чипта нархи 50 минг сўм этиб белгиланган 6B секторда 44 та, 4D секторда 17 та, 5D секторда ҳам 17 та, 4A секторда ҳам 16 та, 2C секторда 15 та, 5E секторда ҳам 11 та, 4E секторда ҳам 11 та чипта бўш турган бўлса-да, харид қилиш ойнаси очилганда бирорта чипта бўш эмаслиги кўринади.
iTicket.UZ раҳбари Бахтиёр Маметов вазиятга қуйидагича изоҳ берди.
“Бизда шунақа тизимки, агар сиз бирорта секторни танласангиз, ҳали кимдир бу жойни сотиб олмаган бўлса ҳам шунчаки брон қилиб қўйган бўлса ҳам сиз бу жойни сотиб ололмайсиз”, дейди у.
Олибсотарларга қарши курашиш имконсизми?
Маълум бўлишича, финал чипталарининг 16 мингтаси Бунёдкор стадиони кассалари орқали сотилмоқда. Вазиятни ўрганган мухбиримизнинг хабар беришича, офлайн савдо жараёнида киши бошига иккитадан ортиқ чипта берилмаяпти.
Кассаларда финал чипталари учун турнақатор навбатлар юзага келгани, бунга эса кассалар сони камлиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Табиийки, бу вазиятдан чайқовчилар устомонлик билан фойдаланмоқда. Kun.uz мухбирига кўра, асл баҳоси 25-50 минг сўм бўлган чипталар 150-200 минг сўмдан, марказий секторларники эса 500 минг сўмгача сотилмоқда.
“Чипталарни онлайн сотиб олиб бўлмаётгани, чипталар олдиндан қўлга чиқариб юборилгани, кассада ҳам финал чипталари қолмагани ҳақидаги гап-сўзларни тарқатадиганлар асосан олибсотарлар бўлади. Бунақа ҳолат талаб юқори бўлган барча ўйинларда кузатилади. iticket'ни обрўсизлантириш, кассадан билет сотиб олиб бўлмаётганини айтиб ваҳима кўтарадиганлар аслида турли йўллар билан чипталарни қўлга киритган бўлишади. Ажиотаж орқали чипталарни қимматроқ сотишга ҳаракат қилишади”, дейди Бахтиёр Маметов.
У онлайн сотув жараёнида имкон қадар чайқовчиликнинг олди олинган бўлса-да, офлайн савдода чипталар олибсотарлар қўлига ўтиб кетишининг олдини олиб бўлмаслигини таъкидлайди.
“ЎФАдаги йиғилишдан чиққанимизда соат тунги 12га яқинлашиб қолганди. Чипталарни сотувга чиқарамиз деб ўша пайтда фаол бўлган аккаунтларни текшириб кўрсак, уларнинг аксарияти олибсотарларга тегишли ёки шубҳали аккаунтлар экани маълум бўлди. Шу сабабли барча чипталар олибсотарлар қўлига ўтиб кетмаслиги учун савдони кечаси бошламасликка қарор қилдик.
Кассага чиқарилган билетларни ким сотиб олса олаверади. Бу жараёнда чипталар олибсотарларнинг қўлига ўтиб кетишини ҳеч қанақасига назорат қилиб бўлмайди”, дейди iTicket.UZ раҳбари.
Интернетда қалбаки финал чипталари ҳам сотувга чиқарилгани, уларни ҳақиқийсидан ажратиб бўлмаслиги, фақатгина QR-код ёрдамида уларни фарқлаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалган. Шу боис ишқибозлардан эҳтиёт бўлиш, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик сўралади.
Муаммонинг ечими борми?
Tribuna.uz мухбири Аъзамжон Иззатиллаевга кўра чипталарни тўлиқ электрон савдога ўтказиш орқали чайқовчиликка чек қўйиш мумкинлигига ишонади.
“Муаммонинг ечими – чипталар савдосини тўлиқ онлайн савдога ўтказиш. Шу билан бирга, киши бошига биттадан ёки иккитадан ортиқ чипта сотилмаслиги керак.
Тўғри, ҳозир кассаларда ҳам бир одамга иккитадан кўп чипта берилмаяпти, аммо чайқовчилар танишлари, маҳалладошлари ёки мардикор бозордан одамларни олиб келиб уларни навбатга қўйиб чипта олишяпти.
Чипталар тўлиқ электрон шаклда сотиладиган бўлса, платформа ҳам шунга яраша яхши ишлаши, фақатгина битта сайтга бундай эксклюзив ҳуқуқ берилмаслиги керак деб ҳисоблайман. Сайт қотиб қолаверса, мухлислар ундан фойдалана олмаса, онлайн савдо жараёнида ҳам чипталар турли қинғир йўллар билан чайқовчилар қўлига ўтиб кетаверса, барчаси эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.
Ва онлайн бозор ҳам ҳалол бўлиши керак. Ўтган йили Одил Аҳмедов ва Равшан Эрматовлар 400тадан билет брон қилгандек таниш-билиш бўлмаслиги керак”, дейди журналист.
Спорт шарҳловчиси Бобур Акмалов стадионлар атрофида катта экранлар ўрнатиб, ўйинни стадиондан кўришга чипта тополмаган ишқибозларга шароит яратиш орқали чайқовчиликка барҳам бериш мумкин деб ҳисоблайди.
“Чипталар сони чекланган, муҳим баҳсларни стадиондан кўришни истовчилар доим кўп бўлади. Бундан эса шу пайтгача олибсотарларнинг чўнтаги қаппайиб келмоқда. Аслида муаммонинг ечими бор.
Бизга мана шунақа катта ўйинлар учун 60 минг сиғимли стадион керак. Масалан, Туркияда Фенер, Галата, Бешиктош кабиларнинг 40-50 минглик стадионларидан ташқари, йилда 2-3 мартагина ишлайдиган, миллий жамоа ўйнагандагина тўладиган Олимпият стадиони бор. Сиғими 76 мингдан ортиқ.
Бошқа бир ечим ҳам бор, уни амалга ошириш катта стадион қуришдан анча осонроқ. Катта турнирларга мезбонлик қилинганда яримфинал ва финал ўйинларини бевосита стадиондан кўришга талаб юқори бўлишини ҳамиша олдиндан ҳисобга олиш керак.
Чипталар етмаслиги, борлари ҳам чайқовчилар қўлига ўтиб кетаётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Ҳатто бешинчи ё ўнинчи марта ҳам эмас. Доим шу аҳвол. Шунинг учун Бунёдкор стадиони атрофидаги ҳангиллаб ётган кенг ва катта ҳудудларда, Пахтакор, Жар каби стадионлар атрофларида фан-зоналар ташкил қилиш, катта экранлар ўрнатиб, футбол атмосферасини пайдо қилиш, бу орқали ўйинни стадиондан кўришга чипта тополмаган ишқибозларга шароит яратиш керак. Бу ўз-ўзидан чайқовчиликнинг ҳам илдизини қуритади”, дейди ҳамкасбимиз.
Жамшид Ниёзов, Kun.uz
Мавзуга оид
11:49 / 06.11.2024
Айрим шахсларга темирйўл транспорти ва автобус учун бепул чипталар берилади
19:09 / 17.10.2024
Қозоғистон бош мураббийи Черчесов қозоқ тили ҳақидаги ҳазили учун жазоланди
15:56 / 10.10.2024
Ўзбекистон — Эрон ўйини сабабли «Бунёдкор» стадиони яқинидаги кўчаларда ҳаракат чекланади
18:28 / 09.09.2024