Ушбу мавсум олдидан ҳам аксарият вилоят ҳокимлари жамоалар олдига чемпионлик вазифасини қўйган эди. Жумладан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров «Нефтчи», Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов «Навбаҳор», Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов «Насаф» олдига чемпионлик вазифасини қўйган эди. Якунда воҳа клуби водий жамоаларини ортда қолдириб, жамоа учун қилинган катта харажатларни оқлади, дейиш мумкин.

Tribuna.uz сайти йил бошида аксарият клублар олдига қандай мақсад қўйилгани, клубларнинг йиллик тахминий харажати ва якунда қандай натижага эришганига назар ташлади.

2024 йилги мавсум олдидан:

Ҳоким Қашқадарё халқи чемпионликни кутаётганини айтди, Рўзиқул Бердиев ваъда берди

«Насаф» жамоасининг 2024 йилги мавсум олди таништирув маросимида вилоят ҳокими Муроджон Азимов, клуб бош ҳомийси саналмиш «Шўртан газ-кимё мажмуаси» раҳбарияти иштирок этиб, 2024 йилда Қашқадарё аҳли жамоадан фақат ва фақат чемпионлик кутаётганини маълум қилди.

«Қашқадарё халқи анчадан буён севимли жамоамизнинг Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишни орзу қилмоқда. Жорий йилда ушбу орзуни ушалишига бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак. Жамоамиз олдидаги мақсад ва вазифаларни бажариш учун вилоят раҳбарияти ҳар қандай ёрдамни аямайди», - дея таъкидлаган Азимов.

Жамоа номидан сўзга чиққан бош мураббий Рўзиқул Бердиев йил давомида «Насаф»ни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигини билдириб, янги мавсумда жамоа олдига қўйилаётган мақсад йўлида бирлашиб, вилоят аҳли узоқ кутган чемпионлик учун курашишга ваъда берган.

2024 йилги мавсум якуни: «Насаф» илк бор Суперлига чемпиони

Бош мураббий Рўзиқул Бердиев мавсумда жамоаси олдига қўйилган вазифани муддатдан аввал бажариб, илк бор чемпионликни боши узра кўтарди. Tribuna.uz сайтига маълум бўлишича, «Насаф»нинг йил бошида Суперлигадан ташқари, ОЧЛда ҳам иштирок этиши инобатга олиниб, йиллик бюджети тахминан 130 миллиард сўм атрофида белгиланган. Ўзбекистонда йиллик энг катта смета ва бунинг эвазига барқарор таркиб қилингани ҳам якунда «Насаф»нинг муваффақиятли одимини таъминлади.

Эътиборлиси, 2025 йилдан Қашқадарё вилоятининг ўзидан Суперлигада 3та жамоа  - «Насаф» (Қарши), «Машъал» (Муборак) ва «Шўртан» (Ғузор) иштирок этади.

2024 йилги мавсум олдидан: