Финлар яна дунёдаги энг бахтли халқ деб тан олинди
Ўзбекистон 137 давлат орасида бахтиёрлик бўйича глобал рейтингда 54-ўринда қайд этилди. Россия ва Украина 70- ва 92-ўринларни эгаллади. Тадқиқот сўнгги уч йилдаги маълумотларни ҳисобга олди. Украинанинг бу кўрсаткичи Қрим аннексия қилинганидан кейинги кўрсаткичдан юқори.
Финландия сайёрадаги энг бахтли аҳолига эга мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу 20 март, душанба, Халқаро бахт куни Нью-Йоркда тақдим этилган йиллик Глобал бахтиёрлик ҳисоботининг хулосаларида айтилган. Россиянинг Украинага қарши уруши ва Финландиянинг ҳали НАТОга кириши тугалланмагани натижасида Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашганига қарамай, бу Скандинавия давлати кетма-кет олтинчи йил бахтиёрлик рейтингида етакчилик қилмоқда.
Энг бахтли бешликка, шунингдек, (камайиш тартибида) Дания, Исландия, Исроил ва Нидерландия, кейинги ўнталикка Швеция, Норвегия, Швейцария, Люксембург ва Янги Зеландия кирди. Германия бир йил давомида рейтингда икки поғона пастга тушиб, 16-ўринни эгаллади. Нисбатан юқори ўринларни Болтиқбўйи давлатлари - Литва (20), Эстония (31) ва Латвия (41) эгаллади. Ҳисоботда келтирилган 137 давлат орасида энг бахтсизлари Серра-Леоне, Ливан ва Афғонистондир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 137 давлат орасида бахтиёрлик бўйича глобал рейтингда 54-ўринда қайд этилди.
Украина (92-ўрин) ва Россия (70-ўрин) ўтган йилга нисбатан ўз позицияларини бироз яхшилаган, Украина индекси эса минимал даражада пасайган. «Украинадаги азоб-уқубатлар ва зарар кўламига қарамай, унинг аҳолиси томонидан ҳаётни баҳолаш 2022 йил сентябрь ойида 2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин юқорироқ кўрсаткични кўрсатди», - дейди таҳлилчилар. Уларнинг фикрича, бунга бошқа нарсалар қатори украиналиклар ўртасида бирдамлик ҳисси ва уларнинг президент Володимир Зеленскийга бўлган ишончи ҳам боғлиқ. Ҳисобот муаллифларидан бири, Оксфорд университети профессори Ян-Эммануэл Де Неве шундай деди: «Россия босқинчилиги Украинани ягона давлатга айлантирди».
Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, умуман олганда, 2020-2022 йилларда сайёра аҳолисининг кўпчилиги томонидан ҳаётини баҳолаш пандемия ва бошқа инқирозларга қарамай барқарор даражада сақланиб қолган. Сўнгги уч йилдаги кўрсаткичлар аввалги уч йилдаги каби ўртача юқори бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бахт ва фаровонлик аҳоли ўртасида имкон қадар тенг тақсимланган мамлакатлар аҳолиси ўзларини бахтлироқ ҳис қилишади.
Йиллик Глобал бахтиёрлик ҳисоботи Қўшма Штатлар олимлари томонидан Gallup International социологик ташкилотлар ассоциациясининг сўнгги уч йил давомида ўтказган сўровлари асосида тайёрланади. Бахт индекси олтита асосий мезонда ҳисобланади: ижтимоий қўллаб-қувватлаш, даромад, саломатлик, эркинлик, сахийлик ва коррупциянинг йўқлиги.
Мавзуга оид
18:36 / 08.11.2024
Финландия аэропортлари GPS тизимидаги узилишлар туфайли 1960 йиллардаги навигациядан фойдаланишга ўтди
12:40 / 30.10.2024
Yle: Финландияда РФ давлат мулки хатловга олинди
13:50 / 29.10.2024
Финландияда Россия ер участкаси хатловга олинди
14:10 / 28.10.2024