SUBYEKTIV ва Mazza – 2022 йилнинг энг яхши лойиҳалари
Kun.uz ҳомийлигидаги SUBYEKTIV ижтимоий кўрсатувлар лойиҳаси ва Mazza кулинар-кўнгилочар лойиҳаси Тошкентда бўлиб ўтган Digital Marketing Awards 2023 халқаро форумида ғолиблар қаторидан жой олди.
19-20 март кунлари Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида Digital Marketing Awards 2023 Халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбирда маркетинг йўналишида халқаро тажрибага эга россиялик, беларуслик спикерлар иштирок этишди.
Ҳар йили ўтказиладиган Tashkent Digital Marketing Forum мукофоти ўтган йил давомида энг муваффақиятли брендлар, лойиҳалар, рақамли контент муаллифларига берилади.
Форумнинг бу галги ғолиблари орасида Kun.uz ҳомийлигидаги SUBYEKTIV ва Mazza лойиҳалари муносиб тақдирланди.
SUBYEKTIV 2022 йилнинг энг яхши ижтимоий контенти деб топилди.
Mazza лойиҳаси 2022 йилнинг энг яхши пазандалик контенти деб эътироф этилди.
SUBYEKTIV – Жамшидхон Зиёхонов бошчилигидаги жамоанинг ижодий лойиҳаси бўлиб, 2021 йилдан буён ўткир ижтимоий мавзулар ва маърифий йўналишда видеоконтент яратиб келмоқда. Айни пайтда лойиҳа YouTube'да 560 мингдан ортиқ обуначига эга.
Mazza – кулинар-кўнгилочар видеолойиҳа. Унда бош қаҳрамон Отахон Юсупов табиат бағрида миллий ва хориж таомларини тайёрлайди, бу жараён “no comment” услубида, жонли товушлар ҳамоҳанглигида томошабинга тақдим этилади.