Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда. Албатта, жамиятни фойдалилик даражасига юқори кўрсаткичларга эришиш учун авваламбор унинг соғлом муҳити ва халқнинг рози бўлиши жуда катта ўрин тутади. Бунинг учун эса жамиятнинг инфратузилмаси мукаммал шаклланган бўлиши зарур, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига кўпроқ эътибор қаратиш лозим бўлади.
Таклиф этилаётган Конституциянинг 40-моддага соғлиқни сақлашга оид қуйидагича нормалар қўшиляпти:
“Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли”;
“Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради”;
“Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади”;
“Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради”.
401-модда эса, “Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга”, деган модда ўрин олган.
Ушбу моддалар мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашга қаратилган соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширишга қаратилган. Шуни қайд этиш лозимки, Президентимизнинг - соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соҳа вакиллари билан учрашувида тизимдаги мавжуд ўз ечимини кутаётган қатор муаммоларга тўхталиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш каби йўналишда фуқароларнинг норозилиги, тиббиёт ходимларида, аҳолида, беморларда тушкунлик кайфияти, пессимизм авж олганини кўришимиз мумкин эди. Шунинг учун ҳам, таклиф қилинаётган Конституциявий ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти катта ҳисобланади. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида соғлиқни сақлаш соҳаси муҳим ўрин тутиши, соғлом авлод келажаги айнан шу соҳанинг самарали фаолиятига чамбарчас боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб, келгуси йилларда аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам энг муҳим йўналиш сифатида белгиланиши чинакамига халқ розилигига, соҳани янги босқичга кўтарилишига олиб келади.















