Манбаларда «ўзбек» номини XIII асрдан бошлаб учратиш мумкин. Жумладан, араб манбаларида Дашти Қипчоқда яшовчи туркий-мўғул қабилаларга нисбатан «ўзбек» номи ишлатилган. Mашҳур хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг Ўзбектой исмли саркардаси бўлган. Худди шу даврда Озарбойжонда ҳукмронлик қилган Отабегилар давлатининг ҳукмдорларидан бирининг исми ҳам Музаффариддин Ўзбек эди.

Ўзбек номининг асоси бўлган ном — бу Олтин Ўрда хони Ўзбекхон исмидир. 1312-1342 йилларда Олтин Ўрдани бошқарган, мўғуллар орасида илк бор ислом динини давлат динига айлантирган Ўзбекхон ўз даврининг энг кучли ҳукмдорларидан бири эди. Унинг даврида Олтин Ўрда ўз қудратининг чўққисига эришган.

Ўзбекхон

Тарихчи олим, венгриялик шарқшунос Ҳерман Вамбери «Мовароуннаҳр ёхуд Бухоро тарихи» асарида ўзбек номи ва халқининг Ўзбекхонга боғлиқлигини шундай тасвирлайди:

«Турк халқининг қадимдан қолган бир одати бор: агар ҳукмдорлардан бирортаси мамлакатни яхши идора қилса ёхуд мамлакатга янги бир усул ва тартиб киритиб, ўзига хос хизмат кўрсатса, унинг номини мангу қолдиришга интиладилар. Шу тариқа, у бир тарафдан ўзининг ҳукмдорини қавм бошлиғи ўрнига қўядида, бу билан баробар ҳукуматнинг ривож йўлига ва умумжаҳон тарихига киришини гўзал бир суратда ифода қилади. Масалан, биз бу ҳолни Салжуқийлар ва Усмонийлар мисолида кўришимиз мумкин.

Худди шу анъана Кўк Ўрданинг шарқида, Волга дарёси билан Орол денгизи орасида яшовчи турк-мўғул қабилаларида ҳам мавжуд; улар Жўжи сулоласидан тўққизинчи ҳукмдор бўлган Ўзбекхон исмига нисбат бериб, ўзларига бир сиёсий қўшма ном — ўзбек номини қабул қилганлар (Ўзбекнинг ҳарфан маъноси «шахсан» ўзига мустақил хўжайин, эркин демакдир).

Шоён диққатга сазоворки, бу сўз муҳим маъноли унвон исми бўлиб, эски мажорларда (венгерларда) ҳам учрайди. Шу мазмунда 1150 йилларга оид ҳужжатларда ҳам бу ибора мавжуд. Абулғозий Баҳодирхон «Шажарайи турк» асарида бу ҳақда шундоқ нақл қилади: «У (Ўзбекхон) ҳар кимни хизматига қараб ҳурмат ва тақдир этар эди. У ўз халқини ислом динига киргизди ва у орқали кўп одамлар ислом динига мушарраф бўлди. Шу боис Жўжи халқи ўзига ўзбек исмини қабул этди ва бу ном охирги замонгача қолажакдир».

Ҳаммер Пургштал ҳақли равишда айтганидек, Ўзбекхон ўз халқининг маҳдийсигина эмас, балки қипчоқ тахтига зийнат берган тўрт улуғ ҳукмдорнинг (кейинги учтаси — Боту, Берка, Тўхтамиш) учинчиси ҳам. Араб сайёҳи Ибн Баттута тарафидан зикр этилган ҳамда темурийлар ҳокимияти вақтида зоҳир бўлган бу ном Ўзбекхоннинг ўзи даврида ҳам, ундан кейинги йилларда, яъни унинг насллари ҳукмронлик қилган пайтларда ҳам бир муҳим вазифани бажармади. Фақат 150 йилдан сўнг, Олтин Ўрда давлати тўрт қисмга бўлиниб, Иван Грозний юқори Волгада Жўжи авлодининг ҳукмронлиги тугатгач, ўзбек сиёсий номга айланди. Шундан сўнг биз ўзбекларнинг ҳокими Абулхайрхоннинг Сарой ҳокимиятига итоат қилишдан бош тортганини кўрамиз», дейди Вамбери.