Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан илгари сурилган лойиҳа Тошкент метрополитенида “Зўравонлик – маданиятимизга бегона” номли тарғибот баннерларини ташкил этди.

Баннерларда аёл-қизларнинг зўравонлик, уларга нисбатан куч ишлатиш вақтидаги нолалари акс этган; шунингдек, овоз тўлқинлари эквалайзерини англатувчи график тасвирлар ва адрас безаклари уйғунлаштирилган.

“Лойиҳанинг асосий мақсади – сўнгги йилларда ўзбекистонлик аёлларнинг зўравонлик қурбони бўлаётгани ҳақида медиа манбаларда тез-тез учраётган янгиликлар фонида унга жамоат жойларида ҳам эътиборни кучайтириш, мавзуни янада долзарблаштириш билан биргаликда салбий вазиятларнинг сонини ҳам кескин камайтиришдан иборат”, – дейилади Nolalar.com сайтида.

Фото: Nolalar.com лойиҳаси
Фото: Nolalar.com лойиҳаси

“Аёлларга зўравонлик, у жинсий зўравонликми ёки оиладаги зўравонлик, тазйиқ – бу на эътиқодга, на маданиятимизга, на ўзбекчиликка, на эркакчиликка ва на одамгарчиликка тўғри келади. Бугун мана энди қонунчиликка ҳам тўғри келмайдиган бўлди”, – дея ёзиб қолдирди лойиҳа жамоаси аъзоси, метродаги баннерлар суратларини эълон қилган Мирзаёр Эркинов.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик кенг тарқалган бўлса-да, бу ҳақда кам гапирилади. Кўп ҳолатларда оилада зўравонликка учраганлар турли сабаблар билан бу ҳақда сукут сақлашга мажбур бўлади.

Фото: Nolalar.com лойиҳаси

2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 40 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлса, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилган.

Гуруҳларга бўлинганда: 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18 777 та руҳий, 13 658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7 174 та тазйиқ ҳолатлари аниқланган.