Марказий Осиёдаги илк демократик ҳукумат – Туркистон мухторияти бор-йўғи 72 кун яшайди. Асар муаллифи ва ўша мухториятнинг ташқи ишлар вазири Мустафо Чўқай туркийларнинг бу мағлубиятини қуйидаги жумлада изоҳлаб ўтгандек туюлади:
“Сиёсатда энг буюк бахтсизлик объектив оғирликларни ва ўз камчиликларини кўра билмаслик ёки кўришни истамасликдир”.
Объектив омилларни четга суриб субъектив кўрсаткичларни алоҳида кўздан кечирсак, ҳозирда мавжуд бўлган деярли ҳамма миллий камчиликларимиз ўша даврлардан бери даво топмай келаётганини кўриш мумкин. “Истиқлол жаллодлари” ҳам айни шу камчиликларимиз атрофидаги хотиралар асосида ёзилган десам адашмаган бўламан.

Китоб ҳақида
Мустафо Чўқай хотиралари асосида ёзилган “Истиқлол жаллодлари” асари мустақил Ўзбекистон тарихида шу кунгача атиги бир марта, 1992-йилда нашр қилинган. Орадан 30 йил ўтиб 2022 йил китоб қайтадан нашр қилинди. Китобнинг янги нашри 96 бетдан иборат.
Рус муҳожироти хуружи ва оқибатлари
1917 йилдаги инқилобдан Чор Россияси ҳукмронлиги остида бўлган халқлар, тўғрироғи, ўша миллатларнинг зиёли кишилари буткул бошқа натижалар кутишгани, чоризмнинг ағдарилишидан қанчалик севинишганини кўриш мумкин. Чунки улар ҳукумат ўзгариши билан ҳақсизлик якун топишига, “ғайрирус ўлкаларда кенг миқёсда “Ички миллий идора” қурилишига, бу ўлкаларга босиб келаётган рус муҳожиротининг тўхташига” ишонишган. Натижаси не бўлганидан эса замонавий дунё одами сифатида етарлича хабарингиз бор деб ўйлайман. Юқорида муаммо ўлароқ келтирилган масалаларга батафсил тўхталиб ўтмаслигимни айтишдан аввал, ўша даврда рус муҳожиротининг ғайрирус ўлкаларига узлуксиз давом этиши ва бунинг мезбонларга бўлган зарарлари ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсам.
Бу даврда Чор Россиясидаги 30 мингга яқин мулкдор оилалар қўлида 64 млн 700 минг гектар, 10 миллион деҳқон оилалари жамоатида эса 68 млн 600 минг гектар ер мавжуд бўлган. Тенгсиз бўлинишдаги жуда катта фарқни кўряпсизми?
Рус чорлари ҳукумати, бир томондан, тахтининг таянчи саналган мулкдорларнинг неча асрлардан буён сақланиб келаётган “ҳақи”ни мудофаа этишга уринса, иккинчи томондан, деҳқонларнинг ўсиб келаётган инқилобий руҳиятини бостиришга ҳаракат қилади. Бу оғирликдан қутулиш чораси истило этилган ҳудудларга Кавказ, Сибир, хусусан, Туркистонга ерсиз русларни кўчиришда деб топилди. Асл ерли халқдан тортиб олиб русларга берилган ерларнинг кўламини ҳис этиш учун эса биргина Қозоғистон жумҳурияти доирасида 45 млн гектар ер ҳақиқий эгаларидан тортиб олинганини мисол келтириш мумкин. Ва бу кўрсаткичлар яна ошиб боргани боис, ғайрирус ўлкаларидаги миллат лидерлари доимий рус муҳожиротининг тўхтатилишига уриниб келишганига Мустафо Чўқай асаридан яна бир бор исбот топиш мумкин.
















