Туркиянинг мактаб дарсликларида Марказий Осиёни “Туркистон” деб номлаш жорий қилинди. Бу қарор шу йилнинг бошларида қабул қилинган эди. Қарорнинг ижроси янги ўқув йили бошидан, яъни сентябр ойидан бошланди. Бу ўзгаришнинг акс-садоси нафақат минтақамизда, балки ташқи дунёда ҳам сезилмоқда.

Туркия ҳеч қандай инқилобий ўзгариш қилгани йўқ. Тарихдаги фактни, бўлиб ўтган воқеликни эътироф қиляпти, яқин ўтмишда мавжуд бўлган Туркистонни “Туркистон” деб атаяпти холос. Аслида, ҳозирги Марказий Осиё жуда узоқ вақт Туркистон деб аталган. Ҳатто Чор Россияси бизга бостириб келганидан кейин ҳам, минтақамиз “Туркистон” дея аталишда давом этган. Фақатгина 1917 йилда ҳокимиятга советлар келгач, Туркистон атамасидан воз кечилди.

“Туркистон” номи онсонликча йўқ бўлгани йўқ. Бунинг учун собиқ СССР жиддий курашди. Империялар ҳар доим ўзлари босиб олган ерларни назорат қилиш учун, ўша ерларни бўлиб ташлашади, ва бўлинган ҳудудларга ҳар хил номлар ва ўзликлар яратишади. Туркистон бўлиб ташлангач, бўлинган ҳар бир ҳудудга давлат мақоми ва номи берилади ва ушбу давлат доирасида миллий ўзликлар яратилади. Натижада, бешта республика ва беш миллий ўзлик шакллантирилди. Советлардан олдин ҳам бу миллий ўзликлар бўлган, лекин бу ўзликлар мутлақлаштирилмаган, бошқаларга қарама-қарши қўйилмаган.

Бир вақтлар Туркистонда барча халқлар ва миллатлар ҳеч қандай миллатчиликсиз, аҳил яшашган. Тарихдан маълумки, этник тожиклар ҳам “Туркистон” атамасига эътироз билдиришмаган. Чунки Туркистонда тожик тили ва маданиятининг ўрни анча катта бўлган: ўзбеклар ёки қозоқ ҳамда қирғизлар ҳам тожик тилини яхши тушунган, намозларда тожик тилида ният қилишган, мадрасаларда тожик тили кенг ўргатилган.

Туркия ўқув дарсликларида Марказий Осиёни “Туркистон” деб номлаши нафақат минтақамизда, балки ташқи дунёда ҳам кўплаб сиёсий ва геосиёсий чайқовчиликларга сабаб бўлмоқда. Россия расмийлари ҳозирча ҳеч нима демади, лекин Россиядаги пропагандачилар ўзларининг салбий муносабатини яширмаяпти. Уларнинг муносабатлари ижтимоий тармоқларда, мақолалар ва видео чиқишларидан маълум. Россиядаги кенг тарқалган фикрга кўра, “Туркистон” лойиҳаси – бу Ғарбнинг лойиҳаси эмиш. Яъни Туркия, НАТОнинг аъзоси сифатида, Марказий Осиёни Россия таъсиридан чиқариш ниятида экан.

Хитой Халқ Республикаси, одатда, жуда эҳтиёткор. Расмий Пекин бундай холатларда расмий муносабатини билдирмайди, ички кайфиятини яширади. Лекин, агар Уйғуристон ўзини “Шарқий Туркистон” деб номлаши эътиборга олинса, Марказий Осиё ўзининг тарихи ва келажагини “Туркистон” деган ном билан боғлаши – Пекинга ёқмаслиги аниқ. Айни пайтда, Пекин ҳар нарсага тезда асабийлашаверадиган давлат эмас.