15:35 / 28.03.2023
27677

Ғарбдан келган янги танклар ва Словянскка зарба оқибатлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 397-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия қўшини Словянскни ўққа тутди. Маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, икки киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ киши яраланган. Маъмурий ва офис бинолари, бешта кўп қаватли уй ва еттита хусусий уй вайрон бўлган.
  • Тула яқинидаги Киреевск аҳоли яшаш пунктида украинларнинг ўқ-дори ортилган дрони портлади. Маҳаллий расмийларнинг сўнгги маълумотларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан уч киши жабрланган. Украина томони бу ҳужумга изоҳ бермаган. Бу сўнгги ойларда Тула областининг Киреевск районида рўй берган иккинчи портлашдир.
  • Украинага Ғарбдаги иттифоқчилар ваъда қилган танклар етиб келди — британларнинг Challenger 2, немисларнинг Leopard 2 танклари, шунингдек жанговар пиёдалар машиналари — Американинг Stryker ва Германиянинг Marder русумли уловлари.
  • The Insider Қримдаги «Дружба» лагерида Россияга олиб кетилган украиналик болаларга зўравонлик ишлатган кишининг шахсини аниқлади. Бу «Беркут»нинг собиқ аъзоси, 2014 йилги Майдан воқеалари чоғида Виктор Янукович томонида туриб иштирок этган Валерий Астахов. Қрим аннексия қилингач у Россия фуқаролигини қабул қилган ва Евпаторияда ИИВга ишга кирган.
  • Россия ИИВ «Россия кўнгиллилар корпуси» командири Денис Капустинни қидирувга берди. Уни тадбиркор ва «Царьград» телеканали асосчиси Константин Малофеевга суиқасд уюштириш ва март ойи бошида Брянск областидаги қишлоққа «диверсантлар ҳужуми»га, шунингдек 2022 йил августида Волгоград областидаги нефт-газ объектларига «диверсия-террорчилик акти» ташкиллаштиришга алоқадор деб ҳисоблашмоқда. 

Ғарб иттифоқчиларининг янги ҳарбий техникалари Украинада

Украина ҳудудига британларнинг Challenger 2, немисларнинг Leopard 2 A6 танклари, шунингдек пиёдаларнинг жанговар машиналари — америкаликларнинг Stryker ва немисларнинг Marder русумли техникалари етиб келди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников хабар қилишича, Украина қуролли кучлари аллақачон «янги машиналарни зирҳли бўлинмаларда синовдан ўтказган». Бундан ташқари, Лондон Украинага Challenger 2 танклари учун кучсизлантирилган уранли снарядларни етказиб бериши керак — бундай ўқ-дорилар «замонавий танк ва зирҳли техникалар» зирҳини тешиб ўтишда анча самарадор ҳисобланади.

Владимир Путин бу қарорни Ғарб мамлакатлари «сўзда эмас, амалда ҳам сўнгги украин қолгунича Россия билан жанг қилишга тайёрлиги» деб баҳолади; мудофаа вазири Сергей Шойгу [ядровий эскалация бўйлаб] «яна бир зинадан ўтилгани, [зиналар] эса борган сари камайиб бораётгани»ни айтди; ТИВ раҳбари Сергей Лавров Буюк Британия режаларини халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг бузилиши деб баҳолади.

Бундан ташқари, Путин Беларус ҳудудига тактик ядро қуроллари жойлаштирилишига ваъда берди ва Александр Лукашенко буни анчадан буён сўраб келаётганини қайд этди. Лукашенконинг ўзи РФ президентининг бу баёнотига муносабат билдирмади. Евроиттифоқдагилар бу қадам янги санкцияларга сабаб бўлишини, АҚШдагилар эса — Путиннинг сўзлари Америка стратегик ядро кучлари иш тартибини ўзгартирмаслигини маълум қилди.

Украина мудофаа вазири Олексий Резников ва Украина ҚК десант-штурм қўшинлари қўмондони Максим Миргородский британларнинг Challenger 2 жанговар танки, америкаликларнинг Stryker ва Cougar русумли зирҳли транспортёрлари, шунингдек немисларнинг Marder русумли жанговар пиёдалар машинаси фонида.
Украина мудофаа вазирлиги матбуот хизмати / Reuters / Scanpix / LETA

Словянск ўққа тутилиши оқибатлари

Россия қўшини 27 март тонгида Славянскка ракета зарбаси йўллади — Донецк областидаги бу шаҳар 2014 йилдан буён ўққа тутиб келинади. Кун охирида шаҳар мэри Вадим Лях ҳужум оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлгани ва 36 киши яралангани ҳақида хабар берди. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленкога кўра, шаҳарда бир қанча маъмурий ва офис бинолари, бешта кўп қаватли уй ва еттита хусусий уй вайрон бўлган.

«Душман билиши керак: Украина одамларимиз устидан масхаралашни кечирмайди, бу ўлимлар ва яраларни кечирмайди. Барча россиялик террорчилар яксон этилади. Бу тажовузга алоқадор бўлганларнинг барчаси жавобгарликка тортилади», — дея изоҳ берди бу ҳодисага Володимир Зеленский.

Россия Словянск ўққа тутилгани юзасидан муносабат билдирмаган.

Қуйида шаҳарда ушбу ҳужум оқибатлари акс этган суратлар.

Libkos / AP / Scanpix / LETA
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Maria Senovilla / EPA / Scanpix / LETA

Донбассдаги украин артиллериячилари

Россиянинг Донецк областидаги юриши давом этмоқда. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко 27 март куни хабар беришича, кун давомида РФ армияси зарбалари оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган; бир неча бино вайрон бўлган. Кириленкога кўра, россияликлар Северск (Донецкдан тахминан 100 километр шимолда), Авдийивка (Донецкдан 20 километр шимолда) ва Курахово (Донецкдан 40 километр ғарбда) шаҳарларини, шунингдек Ҳорливка ва Лисичанск йўналишидаги бир неча қишлоқларни ўққа тутган. РФ мудофаа вазирлиги ўз сводкасида мазкур аҳоли яшаш пунктларини тилга олмаган.

Бундан ташқари, россияликлар Бахмутни штурм қилишда давом этмоқда — бу уларнинг 2022 йил ёзидан буён Донбассдаги асосий нишони. Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирскийнинг сўзларига кўра, украин ҳарбийларининг ҳозирги мақсади — рақиб кучларини ҳолдан тойдириш ҳисобланади. Унинг қўшимча қилишича, Украина қуролли кучлари «харитада эмас, балки жанг майдонида реал натижага эришиш» учун  келишилган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Россия томони Бахмут йўналишидаги вазият юзасидан изоҳ бермаган.

Украиналик ҳарбийлар 155-миллиметрли ўзиюрар ТРФ-1 гаубицасидан россияликлар позицияларини ўққа тутмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Дронларни кузатаётган украиналик аскар
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Харкив областидаги ҳаёт 

Черкасские Тишкида яшовчи 60 ёшли Нина ўзининг вайронага айланган уйи олдида. Черкасские Тишки Харкивдан 15 километр шимоли-шарқда жойлашган. РФ армияси ушбу қишлоқни урушнинг илк кунларида эгаллаб олган, Украина қуролли кучлари эса уни 2022 йил 10 майида озод этган
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Харкивдан 20 километр шимоли-шарқда жойлашган Русские Тишки қишлоғидаги вайронгарчиликлар. Қўшни Черкасские Тишкида бўлгани каби бу қишлоқ ҳам 2022 йил майида, икки ойдан кўпроқ давом этган оккупациядан кейин Украина армияси назоратига қайтган.
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA
Черкасские Тишкида яшовчи 62 ёшли Александра ўз томорқасида ишламоқда
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Черкасские Тишки посёлкасида вайрон бўлган бино ва ёниб кетган автомобил
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Киевда украиналик ҳарбий хизматчининг дафн маросими 

Киевлик Лилия монастирдаги дафн маросимида ўғли, Украина ҚК катта лейтенанти Антон Зайцнинг жасади устида йиғламоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top