Ҳиндистон ҳукумати 18 та фармацевтика компаниясининг лицензиясини бекор қилди
Ҳиндистон ҳукумати Дори воситаларини назорат қилиш бўйича бош назоратчи (DCGI) томонидан 20 штатдаги 76 та компанияда ўтказилган текширувлар натижасига кўра, қалбаки дори воситалари ишлаб чиқаргани сабабли 18 та фармацевтика компаниясининг лицензияларини бекор қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ҳинд оммавий ахборот воситаларига таянган ҳолда.
Бу ҳақда сешанба куни журналистларга расмий манба маълум қилган. Таъкидланишича, мамлакат бўйлаб фармацевтика корхоналарида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқарилиши эҳтимоли бўйича кенг кўламли текширувлар ўтказилган.
«Текширувлар Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган иккита йўтал ва шамоллашга қарши сироплар истеъмоли болалар ўлимига олиб келгани ҳақида хабар тарқагандан кейин ўтказилган», деб ёзади Times Now ахборот портали.
Нашр, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ноида шаҳрида жойлашган компания томонидан ишлаб чиқарилган сифатсиз дори-дармонлар ҳақида огоҳлантирганини эслатади.
Ахборот портали ЖССТ баёнотидан қуйидаги иқтибосни келтирган: «Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сифат назорати бўйича миллий лабораторияларида ўтказилган таҳлил натижалари Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол» ва «ДОК-1 Макс» сироплари намуналари таркибида ифлослантирувчи моддалар - диэтиленгликол ва/ёки этиленгликол қабул қилиб бўлмайдиган миқдорда мавжудлигини кўрсатди».
2022 йил октябр ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Maiden Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўрт турдаги йўтал сиропи намуналарида заҳарли ифлослантирувчи моддалар сифатида этиленгликоль ва диэтиленгликол мавжудлиги ҳақида хавотир билдирган эди, деб ёзади нашр.
Мавзуга оид
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024