Ўзбекистон | 19:23 / 30.03.2023
23443
13 дақиқада ўқилади

Самарқанд кўчаларидаги янги кўприклар: 30 млн доллар қарз самарали сарфланмоқдами?

Самарқандда Абу-Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида «Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш» инвестицион лойиҳалари доирасида амалга ошириладиган ишлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Мухтасар қилиб айтганда, шаҳардаги транспорт тирбандлигининг олдини олиш учун Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасидан Мотрид маҳалласигача иккита туннел, темирйўл узра битта йўл ўтказгич ва битта кўприк барпо этилар экан.

Бу ишлар Президентнинг 2022 йил 9 сентябрдаги «Абу Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида «Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича 17 йилда қайтариш шарти ва 4 йиллик имтиёзли давр билан 1 млрд 101 минг 900 минг БАА дирҳами (қарийб 30 млн АҚШ доллари) миқдорида қарз битими имзоланган ва ишлар 4 йил (2022–2026) ичида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Сув таъминоти бўйича 6 та насос станцияси барпо этилиши, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш, яна бир лот бўйича 11,2 км ички сув таъминоти тармоқларини қуриш назарда тутилган. Ҳозир Бўстонсарой кўчасидан Амир Темур кўчаси бўйлаб Гагарин кўчасигача 2,3 км, Гагарин кўчасида 8,9 км сув қувурларини ётқизиш амалга оширилмоқда.

Бахтиёр Мустанов олган сурат.

Сув таъминоти, майли, ўз йўлига — бу борада ишлар бошланган, бироқ йўл тармоқлари бўйича лойиҳалар фақат автомобилларнинг шаҳарда қулайроқ ҳаракатланиши учун қилинаётгани таажжубланарли бўлди.

Лойиҳага кўра шаҳарнинг энг марказий кўчалари кесишмасида иккита туннел барпо этилади. Уларнинг биринчиси Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида бўлса, иккинчиси Гагарин ва Рўдакий кўчалари чорраҳасида.

Гагарин кўчаси давом эттирилиб, ундан Мотрид маҳалласи орқали М-37 йўлига тутаташадиган янги йўл барпо этилиши кўзда тутилган. Бунинг учун темирйўл узра янги йўлўтказгич барпо этилади, шунингдек Сиёб канали устидан осма кўприк қурилиши ҳам назарда тутилган.

Шу куни инвестицион лойиҳалар намойиш этилди, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида гапирилди. Камчиликлар сифатида светофорсиз ҳаракат туфайли Мирзо Улуғбек ва Рўдакий кўчасидан келиб Гагарин кўчасига чапга бурилмоқчи бўлган автомобилларнинг қайрилиб олиши учун ортиқча йўл босишга мажбур бўлиши тилга олинди. Бу ишлар ДЙҲХБ ходимлари билан ҳаммаслаҳат қилинганига урғу берилди.

Туннел қуриладиган икки катта чорраҳада машиналар светофор тўсиғига учрамасдан ҳаракат қилинишига бош урғу берилган. Шу сабабли — автомобилларнинг ҳаракатига халақит бермаслик учун Мирзо Улуғбек ва Рўдакий кўчаларида пиёдалар учун ер ости ўтиш йўллари барпо этиш кўзда тутилаётгани айтиб ўтилди.

Тўғри, туннеллар қурилиши билан автомобиллар ҳаракати учун қулайлик яратилмоқда. Аммо одамлар-чи?

Самарқандда ҳар 10 кишидан бир кишига машина тўғри келади. Нима учун Самарқанд шаҳардаги 90 фоиз пиёда аҳолининг эҳтиёжлари, истаклари ва талаблари инобатга олинмаган.

Аслида, бундай ишлар бошланганда бутун шаҳар учун концепция яратилиб, ўша концепциянинг бир қисми сифатида лойиҳалаштирилиши керак эмасми?

Лойиҳада пиёдалар учун ер ости ўтиш йўли қуриш назарда тутилмоқда. Бундай йўллардан пиёдаларнинг қанча қисми фойдаланади? Улар учун шундай ўтиш жойлари қулай саналадими? Ахир пиёдалар ер ости йўлидан ўтишни истамасдан қатнов қисмига чиқиб кетса, уларни катта тезликда келаётган машина уриб юбориш хавфи ортмайдими?

Йўлларни пиёдалар ўтиш жойини светофорлар билан таъминлаш керак, дейилганда бу яна тирбандликларга сабаб бўлиши рўкач қилинди. Ахир ҳозир зарурат туғилганда босиладиган тугмалик светофорлар қилиш мумкинку? Бу ер ости йўл қазишдан арзонга тушиши аниқ. Битта туннел пулини бутун шаҳарни шунақа “ақлли” светофор билан таъминласа бўлади.

Айтмоқчиманки, лойиҳада Гагарин кўчасидан Мотрид маҳалласидаги Даҳбед йўлигача 2,4 км.лик янги йўл қурилиши учун темирйўл узра йўлўтказгич ва Сиёб канали узра барпо этиладиган кўприк керак.

Лекин шаҳар ичидаги туннеллар маблағни беҳудага сарфлашдан бошқа иш эмас. Замонавий шаҳарсозлик трендлари шаҳар ичида кўприк ва тунеллар қуришни тақозо этмайди. Матбуот анжуманида шу ҳақида гап очганимда, СамДАҚУ домлаларидан бири туриб, Москвада ўқигани, Москва шаҳри ичида тезкор кўчалар, тез ҳаракатланиш мумкин бўлган йўллар борлигини пеш қилди.

Бироқ, 13 миллион одам яшаётган, автомобиллар тирбандлиги бўйича дунёда БИРИНЧИ ЎРИНДА турадиган шаҳарнинг нимасидан Самарқандга андоза олиш мумкин, ҳайронман. Ижобий сифатларини Самарқандга жорий қилиш мумкин бўлган шаҳарлар кўп-ку: Кўня, Прага, Берлин, Амстердам...

Самарқанд шаҳрининг ўртасида автомобиллар тезкор ҳаракатланадиган кўча керакми, қачонки вилоят марказларида ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилган, келгусида янада пасайтирилиши мумкин бўлиб турган пайтда?

Ўзингиз ўйланг: шу тунеллар қурилди ҳам, дейлик. Бу муаммони еча оладими? Ҳа, фақат шу чорраҳаларда еча олади.

Гагарин-Мирза Улуғбек кўчасидан ўтган барча автомобиллар Мирзо Улуғбек-Беруний-Спитамен шоҳкўчаси ва Буюк ипак йўли кесишмаси (халқ тилида — «Поворот»)га бориб тақалади. У ерда улкан тирбандликлар кузатила бошлайди. Кўчанинг бу томонида — Амир Темур ва Гагарин кўчаси кесишмасида ҳам катта тирбандликлар юзага келади.

Мана, шу ернинг ўзида яққол мисол: Бўстонсарой – Рўдакий кўчасида туннел қурилиб фойдаланишга топширилди. Оқибатда Даҳбед – Рўдакий ва Даҳбед – Ибн Сино чорраҳаларидаги тирбандликларни эплаб бўлмаяпти.

Энг ачинарлиси одамларнинг кўчаларда эркин ҳаракатланиши учун шароит ҳозирлаш ўрнига, яна машиналар учун инфраструктура қилинмоқда.

Вокзал, Сўғдиёна, Сартепа, Қорасув массивларидан марказга ва шаҳарнинг тарихий қисмига олиб борувчи автобуслар учун ажратилган йўлаклар ва велойўлаклар қани? Лойиҳада бунга ўрин ажратилмаган.

Самарқандда амалга оширилаётган лойиҳа бўйича замонавий урбанистика ва шаҳарсозлик мутахассисларнинг фикрига ҳам қизиқдик.

Мюнхен техника университети (Германия) урбанистика бўйича магистранти Ҳусан Муқимов ҳар қандай шаҳарда бўладиган ўзгаришлар стратегия ва режали бўлиш керак, деб ҳисоблайди.

«Стратегия кейинги 2 ёки 3 йил учун эмас, балки келгуси 20–25 йилни қамраб олиши керак. Стратегияни замонавий талабларни инобатга олган ҳолда ривожлантириб бориш керак.

Замонавий шаҳарсозликда, шаҳарларни режалаштиришда шаҳар кўча-йўлларини кенг қилмаган ҳолда лойиҳалаш керак. Лойиҳаларда пиёдалар учун йўл ости ва йўл усти ўтиш жойларини умуман назарда тутмаслик керак. Шаҳар биринчи галда пиёдалар ва велосипедчилар ёки скутерларнинг қулай ва эркин ҳаракатланиши учун мўлжалланган бўлиши керак.

Шаҳар аҳолисини шахсий автомобилдан ташқари ҳар қандай транспорт воситасидан фойдаланишга ёки ҳаракталанишга тарғиб қилиш ва рағбат бериш керак. Буни учун пиёдалар хавфсизилига бирини ўринда бўлиши керак. Катта кўчалар торайтирилиб, автомобил тезлиги камайтирилиши керак.

Шаҳарда харакатда қийналадиган, ёш болали одамлар ҳақида қайғуриш керак. Фақат пиёдалар ва сайр учун кўчалар ташкил қилишниш керак.

Йўлларни кесиб ўтаётган пиёдаларни хавфсизлигини уйлаб, тартибга солинган йўл харакати, хавфсизлик оролчалари ва пиёдалар ўтиш жойлари йўл сатҳидан баланд қилиб қуриш керак. Йўлнинг пиёдалар ўтадиган қисмини сунъий торайтириш керак. Шунда автомобиллар яқинлашганда тезликни пасайтиришга мажбур бўлади.

Велойўлакларни тўғри ташкил қилишни йўлга қуйиш керак. Агарда пиёдалар йўлаги қисмида етарли масофа, жой бўлмаса, автомобил йўли ҳисобидан амалга оширса бўлади», — дея умумий концепцияларни санаган урбанист.

Самарқандда қурилиши назарда тутилаётган кўприк ва йўллар бўйича ўз фикрларини билдирар экан Ҳусан Муқимов пиёдалар учун ерости йўлларини қилишдан фойда йўқлигини айтади.

«Биринчидан, бу жуда қимматга тушади. Тоннел ва кўприк йўл қурилишидаги энг қиммат иншоот ҳисобланади. Иккинчидан, еростийўлидан ҳеч ким ўтмайди. Бунга сабаб ноқулайлиги ва хавфсизлик масалалари ҳам бор.

Кўприклар (у сув узра қурилган иншоот, йўлларни боғлаган иншоот – йўлўтгазгич деб аталади), шаҳар архетектуравий қиёфасини бузади. Иложи борича шаҳар шароитида кўприк қурмасликка ҳаракат қилинади. Кўприк бўлганда ҳам, пиёдалар ва велосипедчилар учун, юқори дид ва дизайн билан, қурилиши керак. Кўприк қурилганда ҳам, чуқур ўйлаб, келажакда уни қандайдир жамоат жойи қилиш мумкин қилиб лойиҳалаш шу кунларда трендда: масалан, қуёш ботишини, поездлар ўтишини томоши қилиш ва шунга ўхшаган нарсалар.

Шаҳарда жамоат транспортини ривожлантириш керак. Бунинг учун автобус ва трамвайларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароит бўлиши керак. Самарқанд шаҳар ихчамлигини ва одамлари прогрессивлигини инобатга олиб, кўпроқ велойўлаклар ташкил қилиш керак.

Йўл четидаги лотоклар, ёмғир сувини тортиш учун ариқларни ёпиқ ҳолда қуришни бошлаш керак.

Андоза олиш учун Москва шаҳри эмас, Болтиқбўйи давлатлари шаҳарларидан ва Полшанинг шаҳарларидан ўрнак олса бўлади. Уларда ҳам совет архитектураси ва урбанистик мероси бор», — деди Ҳусан Муқимов.

Урбанист Искандар Солиев ҳам траспортчи мутахассислар кўчанинг ўтказувчанлигини лойиҳалашда фақат автомобилларнинг тўсиқсиз ҳаракатини инобатга олишини қоралайди.

«Эътиборимни тортганлари иккита кесишма лойиҳа концепти бўлди ва уларда ижобий қилиб шулар белгиланган:

- пиёдалар ер ости ўтиш йўли (автомобиллар учун)

- чорраҳада ўтказувчанликни ошириш учун тоннел (автомобиллар учун, ёмғир вақти катта эҳтимол билан сувга тўлади)

- чорраҳада светофорсиз ҳаракат (автомобиллар учун)

Акалар, кўчада нафақат автомобиллар, одамлар ҳам фойдаланади. Агар ҳамма ерда шундай қилиб мавзеларни йўллар билан ажратаверсангиз, эртага катта муаммоларни келтириб, янада чуқурлаштираверасиз.

Кўчаларни мултимодал қилмасангиз муаммолар ечилмайди. У ерда пиёдаларга, велосипедларга, скутерларга, жамоат транспортига, хизмат автомобилларига ва энг сўнгида шахсий енгил автомобилларга жой ажратилиши керак.

Буни экономистлардан, социологлардан, антропологлардан ва кўплаб мутахассислардан сўранг, тасдиқлайди», деб ёзади у.

Албатта, кўчаларни лойиҳалашда эскича усулда ишлайвермасдан, урбанистларнинг фикри олиниши, замонавий трендлар, келажакда нималар кутилаётганини ҳам ҳисобга олиш шарт. Самарқандда бу лойиҳалар ишлаб чиқилганида шундай йўл тутилгани шубҳам бор.

Ўша куни мен матбуот анжуманида буларни тилга олганимда мутасаддилар мени тушунишмади. Улар бундай нарсалар борлигини ҳам билишмайди.

Албатта, улар бу ишларни Самарқанд кўчаларида автомобиллар тирбандлиги камаяди, деган яхши ниятда қилмоқчи бўлишмоқда. Лекин таассуфки, бу усул билан автомобиллар тирбандлиги камаймайди. Ўзбекистонда 1000 та кишига 92 та автомобил тўғри келмоқда, Қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 220 тани, Қирғизистонда 150 тани ташкил этади.

Яъни, буёғига автомобиллар сони ортиб беораверади ва нимаики чора кўрилмасин, йўллардаги тирбандлик заррача камаймайди. Шу сабабли шахсий автомобилларни унутиб, автомобилларга кўчаларда эркин ҳаракат қилишни чеклаб, қолган 90 фоиз автомобилсиз одамлар (улар асосан ўқувчи болалар, аёллар ва қариялар) учун шароитни яхшилашга киришавериш керак:

  • йўлнинг қатнов қисмидан скутер, самокат ва велосипедлар ҳаракатланиши учун хавфсиз велойўлаклар ажратиш
  • туротуарларни пиёда қулай сайр қилиш учун текис қилиб қуриш (тротуарларга чиқариб қурилган зина ва бошқа халақит берувчи нарсаларни бузиш);
  • автобуслар учун йўлнинг қатнов қисмидан алоҳида линия ажратиш;
  • шаҳарда экологик тоза трамвай транспорти тармоғини эски шаҳар ва туристик объектлар томон кенгайтириш (Туркия шаҳарларидагидек кенг сиғимли трамвайлар келтириш);
  • шаҳар марказидаги тор кўчаларида айланма бир томонлама ҳаракатлар ташкил қилиш;
  • шаҳар кўчаларида автомобиллар томонидан авёсиз эгаллаб олинаётган четки полосаларда пуллик турар жойлар ташкил этиш;
  • йўлларнинг қатнов қисмида пиёдалар учун хавфсизлик оролларини қилиш (шаҳарнинг айрим жойлари, хусусан «Поворот»да қилинди);
  • йўлларнинг қатнов қисмидаги автомобиллар учун ажратилган тасма (полоса)ни торайтириш (бу йўлнинг ўтказиш қуввати ортиши ва тезлик камайишига олиб келади, М.Улуғбек кўчасининг «Поворот» чорраҳасигача бўлган қисмида қилинган).

Албатта, катта пул сарфлаб (бўлиб ҳамки, хориждан қарз олиниб) қилинаётган ишлар ҳартомонлама пухта бўлиши керак. Фақат бугун билан яшамайлик. Чунки ҳали бу қарзни келгуси авлодларимиз ҳам қайтаради. Токи шундай қилиниши керакки, уларга биздан қулайлик мерос қолсин. Келгусида ҳам маблағ сарфланиб барпо этган инфратузилмаларимиздан фойдаланиш имконли бўлсин. Авлодларимиз бизни сўкиб-сўкиб бузиб ташланмасин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид