10:08 / 31.03.2023
7677

ССВ ташаббуси билан мамлакат бўйлаб саломатлик сайилларига старт берилди

Бу тадбирга 175 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари жалб этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан саломатлик сайиллари ойлиги эълон қилинди.

«Мамлакатимиздаги жами 208 та туман ва шаҳарда республикадан жалб қилинган 300 нафарга яқин нуфузли мутахассислар, шунингдек, 17,5 минг тиббий бригада ва 175 минг нафардан зиёд маҳаллий тиббиёт ходимлари иштирокида профилактик тиббий кўриклар, скрининг дастурлари ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморларни ҳудудларнинг ўзида белгиланган тартибда юқори технологик муолажалар орқали соғломлаштириш чоралари кўрилади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Саломатлик сайиллари ҳар бир ҳудудда 2 босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда аҳоли оммавий тиббий кўрикларга жалб этилади.

Иккинчи босқичда юқори технологияли тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларда ихтисослаштирилган марказларнинг малакали мутахассислари иштирокида зарур амалиётлар бажарилади.

«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати дебочаси сифатида бошланган ушбу тадбирлар доирасида профилактик ва скрининг текширувлар ўтказилади.

Кўриклар давомида:

  • 1-18 ёшли болалар;
  • 18- 40 ёшли фуқаролар;
  • 15-49 ёшли фертил ёшдаги аёлларда чуқурлаштирилган тиббий ва профилактик тадбирлар амалга оширилади.

Скрининг дастурлари:

  • 2-10 ёшли болаларда гельминтоз;
  • 3-18 ёшли болаларда онкогематологик касалликлар;
  • 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолида юқумли бўлмаган хасталиклар;
  • 35 ёшдан катта аёлларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ташкиллаштирилади.

Сурункали хасталиги бор, вилоят ва республика даражасидаги тиббий ёрдамга муҳтож беморлар кўп тармоқли поликлиникалардаги кўрикларга таклиф этилади.

Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, ётиб қолган ногиронлиги бор шахслар учун мутахассислар томонидан хонадонларда сайёр текширувлар ташкил этилади.

Кўриклар натижасида касаллик аниқланган фуқаролар учун индивидуал соғломлаштириш режаси тузилади. Унга мувофиқ, беморлар амбулатор, уй шифохонаси ёки кундузги шифохона шароитида, туман–вилоят–республика даражасида даволанувчи тоифаларга ажратилади.

Амбулатор, уй шифохона ва кундузги шифохонада даволанадиган беморларга поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари орқали мавжуд дори-дармон ва сарфлов материаллари бепул берилади.

Туман ва вилоят даражасида даволанадиган беморларга тегишли йўлланмалар расмийлаштирилади.

Республика ишчи гуруҳлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолида кўрсатмага асосан ҳудуднинг ўзида юқори технологик муолажалар ўтказилади.

Оммавий кўриклар рўзадор беморларга қулайлик яратиш мақсадида соат 10:00 дан 16:00 гача этиб белгиланди. 

Саломатлик сайиллари локацияси туман марказларидаги соя-салқин, баҳаво боғларда ёки тиббиёт муассасалари ҳудудларида бўлишига алоҳида эътибор берилади.

Кейинчалик мунтазам ўтказиб борилиши кутилаётган ойлик доирасида 7 апрел — Халқаро саломатлик куни муносабати билан аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойлари – бозор, супермаркет, хиёбон, парк ва боғларда:

  • «Саломатлик майдончаси»;
  • «Соғлом овқатланиш ярмаркаси»; 
  • «Биз тамакига қаршимиз» акциялари; 

таълим муассасаларида: 

«Тоза қўллар»; 
«Жозибадор табассум»;
«Менинг соғлом ликопчам» каби тадбирлар ўтказилади.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртдошларимизни инсон қадрини улуғлаш ва барча аҳоли қатламларига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилаётган саломатлик сайилларига таклиф этади! Ўз соғлигингизга бефарқ бўлманг!» дейилади вазирлик хабарида.

Top