Ўзбекистон | 15:55 / 03.04.2023
10246
3 дақиқада ўқилади

Фойдаси маъмуриятга, солиғи мулк эгасигами? МИБнинг “тиши” ўтмаётган яна бир мулкий низо ҳақида

Халқ тилида “Солнечний” бозор деб аталувчи савдо мажмуаси эгалари ва унга туташ ер участкаси эгаси ўртасида низо келиб чиққан. MY5 телеканалининг суриштирувида бозор маъмурияти бошқа бир мулкдорнинг ерини эгаллаб олгани айтилади.  

«Менинг юртим» телеканали ўтказган суриштирувга кўра, аслида «Илм шуъласи» МЧЖга бириктирилган ҳудуд майдони 1 гектар. Аммо бозор маъмурияти 7 йилдирки ҳудудга туташ ва ўзгага тегишли бўлган 9,7 сотих ер майдонига ҳам ноқонуний равишда дўконлар қуриб, фойдаланиб келмоқда.

Иш 2020 йил 12 ноябрда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан кўриб чиқилган. Суднинг ҳал қилув қарори билан ер майдонини асл эгасига қайтариш белгиланган. Бозор маъмурияти суд қароридан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, кейин эса Олий судга ариза киритган. Лекин иккала инстанция ҳам аввалги суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Яъни 9,7 сотих ер майдони хусусий мулк эканини ва унда бозор маъмуриятининг заррача ҳаққи йўқлигини эътироф этган. 

Орадан 2 йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, МИБ ерни ўз эгасига қайтариб олиб беролмаяпти. Тўғрироғи, бозор маъмуриятига МИБнинг «тиши ўтмаяпти». Ўз мулкидан фойдалана олмаётган ер эгасининг ишончли вакили эса бу муддатда МИБга қатнаш билан овора.

«Ҳар бир суд қарорини ижро этувчи ҳолатни ўрганиб, ҳал қилгунча вақт кетади. МИБ томонидан ҳужжатда техник хато бўлгани учун яна 6 ой судма-суд юришгатўғрикелди. Мана, охири бир тўхтамга келинди. Яна қанча ёзишади, яна қанча сарсон қилишади, билмадим», — дея таъкидлаган ер эгасининг ишончли вакили.

МИБ ходими эса қарор ижроси таъминланмаганига сабаб қилиб “ижро ҳаракатлари жараёнида «Илм шуъласи» МЧЖ раҳбариятидан бирор бир вакил келмагани туфайли ҳужжат алмашинувига имкон бўлмагани”ни кўрсатган.

Таъкидланишича, бировнинг мулки бўлган қарийб 10 сотих ерга ноқонуний равишда 22 та дўкон қурилган. Шулардан фақат биттаси МИБ  томонидан ҳақиқий мулкдор эгалигига қайтарилган ҳамда қонуний равишда 3 томонлама шартнома асосида фаолият юритмоқда. МИБ томонидан тақиқ қўйилишига қарамасдан, йил бошидан МЧЖ масъуллари 16 нафар тадбиркор билан шартнома тузган. Икки ўртада сарсон бўлаётган мулк эгаси номига эса 50 млн сўмга яқин солиқ қарздорлиги чиққан.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 10 март куни МИБ Тошкент вилояти бошқармасига бошлиқ, 11 март куни эса МИБга директор тайинланди. Аммо мазкур янги тайинловлардан сўнг ҳам Тошкент вилоятида «осилиб қолган» ижро ишларининг таъминланишида ўзгариш бўлмаяпти.

Мавзуга оид