Бундан 50 йил аввал, 1973 йилнинг 3 апрелида тарихда илк бор мобил телефон орқали қўнғироқ амалга оширилганди. Қўнғироқни эса Motorola фирмаси муҳандиси Марти Купер қандайдир бир оддий одамга эмас, балки шу йўналишда изланиш олиб бораётган рақобатчи компания — Bell Laboratories ходими Жоэл Энгелга амалга оширганди.
Купер айни дамда 94 ёшда. У ўша кунни шундай эслайди. Марти Нью Йоркдаги 6-Aвеню бурчагига бориб, чўнтагидан кичик дафтарчасини олади. Ундан эса керакли телефон рақамини топиб, ўткинчилар олдида ошкора тарзда оч сариқ рангли матоҳдаги тугмачаларни боса бошлайди.

«Жоэл, мен сенга мобил телефон орқали қўнғироқ қиляпман, ҳақиқий мобил телефон билан — шахсий портатив қурилма билан. У томонда сукунат ҳукм сурарди. Ўшанда у ўзида фақат тишини ғичирлатишга куч топа олган холос деб ўйлайман», — дейди Купер.
Bell Laboratories ўша вақтда мобил телефон устида иш олиб бораётганди. Фарқи шуки, компаниянинг қурилмаси фақат автомобилларда ишлаши керак эди.
«Биз шу мис симлар сабаб уйимиз ва ишхоналаримиздан чиқолмайдиган даражага етдик. Энди эса улар бизни машиналаримиздан чиқолмай қолишимизни хоҳлашяпти. Буни тасаввур қиляпсизми?» — дея воқеани ҳикоя қилишда давом этади муҳандис Марти.
Motorola Bell’дан фарқли равишда бошқа йўлдан боради ва келажак бу йўлнинг қай даражада тўғри бўлганлигини кўрсатади.
Албатта, ҳозирги мобил телефонлар 1973 йилда Купер ишлатган қурилмадан буткул фарқ қилади. Ўша телефоннинг истеъмолчилар учун версияси ҳам воқеадан 11 йил ўтиб — 1984 йилда Motorola Dynatac 8000X номи остида сотувга чиқади.
Қиммат ва оғир
Мобил телефонлар музейи раҳбари Бен Вудга кўра, Мotorolaʼнинг илк қурилмаси нархи ҳозирги пулга чаққанда 11,7 минг долларга тенг бўлади. Бироқ табиийки, қурилма функциялари ҳозирги мобил телефонлариникидан кам бўлган.














