1960-йиллар бошларида СССРда зиёлилар орасида норозилик кайфияти авж олади. Сталин вафотидан сўнг етарлича ошкоралик ва эркинлик бўлмади деб ҳисоблаган айрим таниқли олимлар, ёзувчилар советлардан тузумни демократлаштиришни сўрашади.

Андрей Сахаров, Александр Солженицин ва бошқа яна бир қатор бошқа таниқли шахслар совет ҳукуматидан инсон ҳуқуқларига риоя этишни, ўзгача фикрлайдиганларни қатағон қилишни тўхтатишни талаб қилиб чиқишади.

Улар доим КГБ назоратида бўлишгани учун СССРда чоп этишнинг иложи бўлмаган асарларини, мақолаларини яширинча кўпайтириб тарқатишда муаммоларга дуч келишади. Уларга асарларни кўпайтириш учун махсус техникалар ва уларни тарқатиш учун кўзга ташланмайдиган ҳаммаслаклар керак эди.

Шунда улар СССРда кўзга кўринган муҳандис олимлар ва педагогларни ўз сафларига жалб этишади. Олимлар қўлбола нусха кўчирувчи аппаратлар ясаб турли материалларини кўпайтириб бера бошлашади. Педагоглар эса уларни тарқатишда ёрдамлашишади.

1970-йиллар бошида Москвада совет тузумига қарши бўлган гуруҳ аъзолари қўлга олингани ҳақида миш-мишлар тарқалади. Бироз ўтиб одамлар орасида тарқалган гап-сўзлар рост бўлиб чиқади.

КГБ саккиз кишилик гуруҳни қўлга олганини, улар совет тузумига қарши бўлган мақолалар, асарларни чоп этиб, омма орасида тарқатиб келганини маълум қилади.

Кейинчалик, қўлга олинганларнинг шахси ҳам ошкор қилинади. Ана шунда саккиз кишининг барчаси СССРда кўзга кўринган олимлар, педагоглар экани ойдинлашади. Улар орасида таниқли муҳандис олим Александр Болонкин ҳам бор эди.

Болаликдан авиамоделларга қизиққан Болонкин

Александр Болонкин 1933 йилда Перм шаҳрида туғилган. У ўқувчилик пайтлариданоқ авиамоделларни ясашга қизиқади. Болонкин ўрта мактабни битирганидан сўнг Қозон авиация институтига ўқишга киради.

Кейинчалик олим болалигини шундай эслаганди:

«Отам 1936 йилда Узоқ Шарқда Халхин-Голда японлар билан тўқнашувда ҳалок бўлган. Болалигим Пермда йўқчиликда ўтган. Онам билан эски баракда яшардик. 4-синфдан бошлаб авиамоделлар ясашга қизиқиб қолдим. Кейинчалик мактабни битиргунимча ўзим ясаган авиамоделлар билан бутуниттифоқ мусобақаларида кўп марта ғалаба қозонганман».

1958 йилда ўқишни битиргач Болонкинни Киевга, таниқли авиаконструктор Олег Антонов бошчилигидаги «Антонов» конструкторлик бюросига ишга юборишади.