Жаҳон | 23:50 / 10.04.2023
52644
8 дақиқада ўқилади

«Бехавотир ичинг» — энг тоза ичимлик сувига эга 10 та мамлакат ҳақида

Ердаги ҳаёт тарзи учун энг зарур икки ресурсдан бири — сув. Сайёранинг 29 фоизи қуруқликдан, қолган 71 фоизи сувдан иборатлиги кўпчиликка маълум. Бироқ сувнинг, айниқса, ичимлик сувининг сифати ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. 

Фото: Getty Images

QS Supplies компанияси турли мамлакатларда ичимлик сувининг истеъмолга яроқлилиги, хавфсизлик даражасини аниқлаш учун Ел университетининг Экологик самарадорлик индексига (EPI) мурожаат қилган. Қайд этиш жоиз, EPI дунёнинг 180 та мамлакатида ичимлик суви сифатини ўрганади. Университет мутахассислари давлатлардаги сув сифатини хавфли сувлар сабаб йўқотилган ҳаёт йилларини ҳисобловчи кўрсаткич (бунда DALY коэффициентидан фойдаланилади) орқали аниқлайди. Шунингдек, тадқиқотда Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотларидан ҳам фойдаланилади.

Фото: QSsupplies

Мамлакатлардаги сув сифати 0 дан 100 гача бўлган балли мезонда баҳоланган. Рейтингда Ўзбекистонга 54 балл берилган. Қўшниларимиз Қозоғистонда 56 балл, Туркманистонда 47,7 балл, Тожикистонда 31,7 балл, Қирғизистонда 47,3 балл ва Афғонистонда эса 27,8 балл мавжуд.

Қуйида рейтингда максимум 100 баллни қўлга киритган энг тоза ичимлик сувига эга 10 та мамлакат ҳақида сўз боради.

Австрия

Фото: Getty Images

Австрия тоза ичимлик суви барча аҳолиси учун 100 фоиз мавжудлиги жиҳати билан мақтана олади. Шу билан бирга бу ерда сув сифати устидан назорат жуда қаттиқ олиб борилади. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги доимий равишда сув сифатини текшириб, тасдиқлаб туради. Ҳукумат шаҳар, қишлоқларни артезиан қудуқлари, табиий булоқлардан келадиган сувлар билан таъминлашни йўлга қўйган. Алп тоғлари орқали келадиган шаффоф, тоза сувлар маҳаллий кранларда оқиб туради. Уни ҳеч қандай фильтрлашларсиз истеъмол қилиш мумкин. Австриядаги сув қувурларининг кўпи тоғли ҳудудлардаги сув манбаларига уланган. 

Исландия

Фото: Getty Images

Мамлакат ўзининг бетакрор музликлари ва кўп сонли гўзал шаршаралари билан машҳур. Кўп сонли тоғлар ва музли дарёлар эвазига маҳаллий аҳоли крандан тушадиган сувни бемалол ича олади. Шунингдек, Исландияда дунё сайёҳларини ўзига мафтун қилиб келадиган геотермал комплекс — «Ҳаворанг Лагуна» (Blue Lagoon) жойлашган. Сайёҳлар бу ерга «сутли иссиқ сув»ни кўриш ва унда чўмилиш учун ошиқади. Исландияда дунёга машҳур премиум тоифасидаги Аqua angels суви ишлаб чиқарилади. У музликлар қаъридан қазиб олинади.

Швейцария

Фото: Getty Images

Ишончли банклар, мазали пишлоқлар ва аниқ вақтни кўрсатадиган соатлар ҳақида гап кетса, биринчи навбатда Швейцария тилга олинади. Бошқа маҳсулотлар сингари Швейцариядаги ичимлик сувлари ҳам юқори ва бетакрор сифати билан ажралиб туради. Сув сифатини Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси назорат қилиб боради. Demoscope жамоатчилик фикри институти ўтказган сўровномага кўра, респондентларнинг 80 фоиздан ортиғи крандан тушадиган сув сифатига тўлиқ ишонади ва уни доимий истеъмол қилади. Баъзи жамоат ташкилотлари ҳатто фақат крандан келадиган сувни ичишга чақиради. Боиси бу сувлар дўкон ёки ресторанларда сотиладиган сувлардан экологик жиҳатдан тозароқ ва 10 карра арзон.

Норвегия

Фото: Getty Images

Табиат сувлари билан боғлиқ рейтингларда Норвегия одатда доим бўлади. Мамлакат ерусти сувлари тозалиги билан машҳур. Бундан ташқари, бу ердаги барча ичимлик сувлари махсус мураккаб сув тозалаш тизимидан ўтади ва кейин аҳолига тақдим этилади.

Бу сувларни ҳатто қайнатмасдан ҳам қўрқмай ичиш мумкин. Бу ичимлик сувидан касал бўлиб қолишни ўйлашнинг ўзи хато. Сув таъми мазали. Сифатга эса тегишли давлат ташкилотлари жавоб беради. Қайд этиш керак, Норвегияда сўнгги йилларда қадоқланган сувлар сотуви камайиб бормоқда. Бунга сабаб қадоқланган сувларнинг қимматлашуви эмас, балки норвегияликларнинг ўзи чанқоғини кран сувларидан қондиришни афзал кўраётгани айтилмоқда.

Замонавий, ўзига хос дизайндаги шишаларда тақдим этиладиган кўпчиликка машҳур Voss минерал сувлари ҳам Норвегиянинг жанубий музликларидан қазиб олинади.

Финландия

Фото: Getty Images

Финландияни «минглаб кўллар мамлакати» деб аташади ва бу бежиз эмас. Боиси сув ресурслари ва гўзал табиат манзараларига бой мамлакат ҳудудида кўллар сони 188 мингга яқинлиги айтилади. Бутун мамлакат ҳудудида крандан тушадиган сувни қўрқмасдан истеъмол қилиш мумкин. ЮНEСКО маълумотларига кўра эса Финландия дунёдаги энг тоза ичимлик сувига эга мамлакат ҳисобланади.

Нидерландия

Фото: Getty Images

Мамлакатдаги сув қувурлари зангламайдиган металлдан тайёрланган. Улардан доимий равишда тоза, сифатли сув маҳаллий аҳолига етиб боради. Сув устидан қаттиқ назорат йўлга қўйилган. Нидерландияда бошқа мамлакатларда бўлгани каби сувни тозалашдан хлордан фойдаланилмайди, бу тақиқланган. Унинг ўрнига хавфсизроқ бўлган бошқа усуллар билан сувни тозалашади.

Буюк Британия

Фото: Getty Images

Эҳтиёткор, шу билан бирга консерватив ҳисобланадиган Буюк Британияда ичимлик суви сифати ўзига хос синчковлик билан назорат қилинади. Инглиз шаҳарлари, қишлоқларида сувнинг учдан бир қисми ерости сув манбалари, қолган қисми эса дарёлар, сув омборларидаги захира сувлари орқали таъминланиши йўлга қўйилган. Сув сифати, ундаги бактериялар, кимёвий элементлар миқдорини назорат қилишда тизимли тармоқ яратилган.

Ичимлик суви уйдаги ошхона ёки ресторандаги крандан тушишига қадар 4 босқичли тозалаш жараёнидан ўтади. Британиядаги ичимлик сувининг сифатли эканлигига яққол далиллардан бири сифатида марҳум қиролича Елизавета II ҳам ундан бемалол ичиши кўрсатиларди.

Малта

Фото: Getty Images

Малтада ерости ва денгиз сувларидан фойдаланилади. Ҳа, нотўғри ўқимадингиз. Денгиз сувлари шўр бўлади, ундан қандай фойдаланилади деган табиий савол туғилади. Гап шундаки, мамлакатда денгиз сувидаги тузлар махсус заводларда ювилади. Сувлар тузсизлантирилиб, истеъмолга, фойдаланишга чиқарилади. Бундай заводлар 3 та ҳудудда жойлашган: Чиркева, Пембрук ва Гар-Лапсида. Шу саъй-ҳаракатлар ортидан Малта аҳолиси соғлиқ учун энг фойдали сувлардан бирини ичиш имкониятига эга бўлган. Малта ҳукумати сув сифатини исталган фуқаро текшириб туриш имкониятига эга бўлиши учун махсус онлайн портал ҳам яратган.

Бироқ шунга қарамай малталиклар ҳозирда шиша идишлардаги сувни афзал билмоқда. Боиси кран сувлари турли минераллар билан бойитилгани сабаб бироз қаттиқ бўлиши аҳолининг шишали сувларни танлашига сабаб бўлиб турибди.

Ирландия

Фото: Getty Images

Мамлакатда ичимлик суви турли манбалардан олинади — дарёлар, кўллар ва ерости сувларидан. Ирландияда 1300 га яқин оқова сувни тозалаш иншооти бор. Улар хусусий компаниялар, маҳаллий ҳокимият ва давлат идоралари томонидан бошқарилади. Сувдан ифлослантирувчи турли моддаларни олиб ташлаш, уни сифатли ҳолатга келтириш ва сақлашда фильтрлаш, дезинфекциялаш каби усулларидан фойдаланилади. Жараён шундай амалга оширилади: сув фильтрланади, кейин мавжуд бактерия ва вирусларни йўқотиш учун дезинфекция қилинади.

Шундан сўнг сув хавфсизлик талабларига мос келиши, зарарли моддалардан холи экани текширилади. Тозаланган сув кейингина қувурлар орқали хонадонлар ва корхоналарга юборилади. Қувурларнинг асосий қисми темир, мис ёки ПВХдан ишланган. Расмий маълумотларга кўра, уй хўжаликларининг 99,6 фоизи истеъмолга яроқли ичимлик суви билан таъминланган.

Греция

Фото: Getty Images

Мамлакатдаги чучук сув ресурсларининг 80–85 фоизи ерусти сув манбаларига тўғри келади, қолгани эса ерости сувларига. Сув ресурсларидан фойдаланишни ҳукумат тартибга солади. Хусусан, Атроф-муҳит вазирлиги сув ресурсларини бошқаришга масъул бўлса, Ички ишлар вазирлиги эса сув таъминоти, канализация хизматларини назорат қилади. Йирик шаҳарлардаги кран сувлари хавфсиз. Ундан бемалол ичиш мумкин. Сувни сифатли тозалаш йўлга қўйилган. Сув тарқатиш тармоқлари ҳам бир маромда ишлайди. Суви ичишга яроқли бўлгани билан Грецияда сув инфратузилмаси эскиргани айтилади.

 

Мавзуга оид