14:57 / 10.04.2023
3747

O‘zLiDeP вакиллари юртдошларимизни эркимиз кафолати учун овоз беришга чақирди

Фото: O‘zLiDeP

Ўзбекистон либерал демократик партияси Андижон вилоятида янгиланаётган Конституцияга бағишланган тадбирларни ташкил этди.

Марҳамат туманидаги “Буюк маскан” дам олиш масканида очиқ осмон остида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган йирик тарғибот тадбири 1 400 нафар иштирокчини қамраб олди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов, парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Партия лидери тадбирни очиб берар экан, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар албатта асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этгани ва янги таҳрирдаги ҳужжатда Ўзбекистон ижтимоий давлат деган ғоя асосий мезон қилиб олинганини таъкидлади. Конституциямизни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқнинг таклифлари, хоҳиш-истаклари эътиборга олингани, ҳужжат референдумга қўйиш орқали қабул қилинишини айтди.

“Янгиланаётган Бош қомусимизда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу янгиликлар отахон-онахонларимизга эътибор ва ғамхўрлик миқёсини янада кенгайтиради, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлайди. Шу боис  барчангизни 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга чақираман”, - деди Нуронийлар жамоатчилик кенгашининг раиси Ўктам Охунов.

Таъкидланишича, хусусий мулк дахлсизлиги ҳақидаги норма иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришларни мамлакатимиз бош қонунида акс эттиришда инсон манфаатларини таъминлаш масаласи бирламчи ўринда эканлигидан далолат беради.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов бошчилигида Андижон шаҳридаги “Samoinurakfa LTD” маъсулияти чекланган жамияти ишчи-ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда шу ва шу каби янгиликлар батафсил айтилди.

Партия етакчиси иштирокчиларга Конституция лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлари белгиланаётгани, шунингдек, банк омонатлари, банк амалиётлари ҳамда ҳисобварақлар ҳам сир тутилиши кафолатланаётганлигини ҳам айтиб ўтди.

Тадбир савол-жавоблар билан кўтаринки кайфиятда ўтди. Мулоқот сўнгида депутатлар иштирокчиларни халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда янгиланаётган Конституция учун овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши
матбуот хизмати

Top