Ўзбекистон | 22:39 / 11.04.2023
52313
8 дақиқада ўқилади

Зўравонликка қарши тарихий қонун. Асосий янгиликлар

Эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолади.

Қонун муаллифлари Kun.uz'га ундаги асосий янгиликлар ва бу ўзгаришларнинг муҳимлиги ҳақидаги шарҳни тақдим этди.

Болаларга қарши жинсий жиноятлар

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар сони ортиб бормоқда.

Хусусан, 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 2019 йилда 99 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 153 нафар, 2021 йилда 216 нафар, 2022 йилда 238 нафарни ташкил этган.

14 ёшга тўлмаган бола билан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқага киришиш жиноятини содир этганлар сони эса 2019 йилда 52 нафар, 2020 йилда 35 нафар, 2021 йилда 57 нафар, 2022 йилда эса 73 нафарни ташкил этган.

Амалдаги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахс билан унинг розилиги асосида жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганини баҳона қилиб, енгилроқ модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин эди.

Янги қонунда бундай шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган-билмаганидан қатъи назар жиноий жазога тортилади. Яъни 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо белгиланиши назарда тутилмоқда.

Янги қонун билан, жинсий жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар, оғир жиноятлар туркумига, оғир жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар туркумига киритилди.

Болаларнинг жинсий эркинликларига қарши содир этилган жиноятлар тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга тенглаштирилиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.

Оиладаги жинсий зўравонлик

Шу ўринда таъкидлаш лозим, ўз яқинлари, ёши кичик ёки ногиронларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг тажовузкордан ҳимояланиш имконияти чекланганлиги сабабли алоҳида хавфлилик даражасига эга. Аммо, қонунчилик бундай қилмишларини алоҳида оғирроқ жазони назарда тутувчи модда билан малакалаш учун етарли имкониятларга эга эмас эди.

Эндиликда шахс нафақат амалдаги турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошига, балки собиқ турмуш ўртоғига, бир рўзғор асосида бирга яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга, ногиронга ёхуд ўзига ўқитиш ёки тарбиялаш учун топширилган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган бўлса, унга оғирроқ жазо тайинланиши белгиланди.

Оиладаги зўравонлик. Камситиш, таҳқирлаш, ҳақоратлаш, қўрқитиш ва калтаклаш

Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оиладаги камситишлар бўйича 72 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 61 мингдан (85 фоиздан) ортиғи хотин-қизларнинг камситилишига тааллуқли бўлган.

Янги қонун билан, БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Эндиликда эр ёки хотин ўз турмуш ўртоғининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган бўлса ёки таҳқирласа, қўрқитса, яқин қариндошлардан ажратиб қўйса, қилмишнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.

Масалан, шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр-қимматини таҳқирласа, 6 млн сўм жаримага тортилади. Ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Таъқиб қилиш

Шахснинг иродасига қарши унга тинмай қўнғироқ қилиш, уни қидириш, иш, ўқиш ва яшаш жойига бориб, орқасидан юриши жабрланувчи учун ўта ноқулайлик келтириб чиқаради.

Чунки, беозор кўринган бундай қилмишнинг зўравонликка айланиши ўртасида бир бахя бўлиб, у жабрланувчининг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун асосли хавфсирашига сабаб бўлади.

Зеро, Европа Иттифоқи ҳудудида ўтказилган сўровларда иштирок этган жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг 18 фоизи, айбланувчи уларни олдиндан беозор кўринишда таъқиб этиб келганини билдирган.

Шилқимлик

Шунингдек, жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бу ҳаракатлар учун 1,5 млн сўмгача жарима ёки 5 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилмоқда.

Шахснинг яланғоч суратини тарқатиб юбориш ёки шундай қилиш билан қўрқитиш

Шахс танасининг ёки жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ёки видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, ёки тарқатиш билан қўрқитиш қилмишлари учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.

Бундай қилмиш Канада, Германия, Англия, Шотландия, Япония, Австралия, АҚШ каби мамлакатларда ҳам жиноят тоифасига киритилган.

Алимент тўлашдан бўйин товлаш

Ўзбекистонда 2021 йилда вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 5,3 мингдан ортиқ фуқаро маъмурий қамоқ жазосига тортилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,7 мингдан ортган.

Янги қонун муаллифларига кўра, амалдаги қонунчиликда алимент тўламаганлик учун белгиланган жарима ёки қамоқ жазоси алимент олувчи болага ҳеч қандай наф келтирмайди. Аксинча, шахснинг маблағи жарима учун ундирилишига ёки у қамоққа олиниб, 15 сутка мобайнида даромад топиш ва алимент тўлаш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади.

Бунинг олдини олиш учун янги маъмурий жазо тури – ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш жазоси киритилмоқда. Бунда алимент тўламаган шахснинг жамоат ишларини бажариш орқали ишлаб топган ҳақининг тенг ярми алимент олувчига берилади.

Ҳимоя ордери

Маълум бўлишича, 2022 йилда илгари ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг 12 нафари такроран зўравонликка учраган.

Амалда зўравонликдан жабр кўрган шахсга ҳимоя ордери ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилади Янги қонун билан эса бундай ордернинг муддати суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳимоя ордери билан зўравонга нисбатан жабрланувчи яшайдиган турар-жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойи ёки бошқа жойларга яқинлашишини муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Судга арз қилишдаги давлат божи

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан судларга киритиладиган даъволар бўйича давлат божини

тўлаш мажбуриятининг мавжудлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари

ва қонуний манфаатларини таъминлаш фаолиятига тўсқинлик қилмоқда

Шу сабабли, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилинмоқда.

Мавзуга оид