Сўнгги йилларда бу мавзу юқори давраларда ўртага ташланди, жиддий муҳокама бўлмоқда, таклифлар билдириляпти, қарорлар қабул қилиняпти. Аммо умумий манзара ўзгараётгани йўқ. Ҳожатхоналар, улардан фойдаланиш маданияти бўйича ҳалигача бир жойда депсиниб турибмиз.
Қизиқ факт: Етмиш йил яшаган инсон ўз умрининг тахминан уч-тўрт ойини ҳожатхонада ўтказади. Демак бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим. Кексаларимиз «Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр» деб бежизга айтишмайди. Бу тизимнинг қандай ишлаши бир оила эмас, ташкилотлар, давлат муассасалари, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ва умуман бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўла олади.
Ўзбекистонда умумий ҳожатхоналар муаммоси ўта жиддий, буни очиқ тан олмай иложимиз йўқ. Пулли бўлса ҳам жамоат ҳожатхоналарини кўпайтириш зарур. Айниқса шаҳарларда, аҳоли гавжум жойларда бутун бир кўчаларни кезиб ҳам баъзан бундай жой топа олмаймиз. Топганимиз ҳам кўнгилдагидек эмас. Ахир давлатимиз ривожланиб бормоқда, кун сайин юртимизга сайёҳлар кўпроқ ташриф буюришмоқда, шундай экан инсон ҳаёти учун элементар эҳтиёжни таъминлаш лозим. Бутун дунё фойдаланаётган биоҳожатхоналар, кўчадаги кўчма кабиналар ҳам биз учун бегоналигича қолмоқда. Ўз ҳисобларидан чиройли ҳожатхона ташкил қилганларни ва беғараз фойдаланиш учун бераётганларни умуман эшитмаганмиз. Ахир бу ҳам савоб-ку. Яхшики масжидларимиз бор, таҳоратхоналари ишлаб турибди, ибодат қилинмаса ҳам кириш мумкин, лекин бу камлик қилади-да.
Бу ҳолатга ўзимиз ўрганиб бўлгандирмиз, аммо меҳмонлар олдида ҳар сафар юзимиз қизариши ҳам ҳақиқат. Талаб даражасидаги ҳожатхоналар қурилиши ва сифатли ишлаши учун алоҳида қарорлар чиқаётгани, бу ишга бош қўшганларга солиқ имтиёзлари берилаётгани ҳам муаммонинг нақадар жиддийлигини кўрсатиб бўлган. Аммо шунча ислоҳотларга қарамай жамоат ҳожатхоналари танқислигича қоляпти.
Шу билан бирга масаланинг иккинчи тарафи ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳожатхоналар қурилар, ишга туширилар. Аммо бизнинг улардан фойдаланиш маданиятимиз қай даражада? Аслида бор ҳожатхоналарни ҳам бадбўй қилаётган, ўзидан кейин бировни яқинлаштирмай қўядиган, бу жараёнга фақат бурун жийирадиган ҳолат деган тушунчани онгимизга сингдириб олган сиз-у биз эмасми?!
“Ўзбекистон умумий уйимиз” деб кўкракка муштлаймиз. Шу уйимизга кўп сонли ва обрўли меҳмонлар келишмоқда. Хўш, уларни қандай кутиб оламиз? Қандай жиҳатлар билан меҳмонлар ёдида қоламиз?! Давлат ёки тадбиркорлар ҳожатхоналар муаммосига жиддий киришаркан, биз уларни лозим даражада сақлай оламизми?
Ўзимиз-ку бирорта бундай маскан қуришни, ишга туширишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Аммо боридан тўғри фойдалана билишни ҳам боплаганимиз-боплаган. Жамоат ҳожатхоналарининг кириш эшигидан тортиб энг ички хонасигача, сув сақлагич бакигача турли-туман огоҳлантирувчи ёзувлар илиб ташланган: «Ифлос қилманг!», «Сувни ҳайданг!», «Қоғозни челакка ташланг!», «Нос туфламанг!», «Чекманг!»...
















