Маънавият ва маърифат марказининг янгиланаётган Конституцияга бағишланган республика конференцияси бўлиб ўтди
10 апрел куни Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!” мавзусида Республика конференцияси ўтказилди.
Тадбирда 130 нафардан зиёд таниқли олимлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов тадбирни очиб берар экан:
— Маълумотларга кўра, кейинги 25 йилда жаҳоннинг 100 дан ортиқ давлатларида конституциявий ислоҳотлар кузатилган. Биргина XXI асрда 57 та давлат конституцияси қабул қилинибди. Янги тараққиёт босқичига қадам қўяётган ҳар бир давлат ўз ривожи, фуқаролари фаровонлиги йўлида янги таҳрирдаги қомусга эҳтиёж сезади.
Мана шу мақсадда бугун Республикамиз бўйлаб “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!” шиори остида “Маънавият фестивали” ўтказилмоқда. Пойтахтдан ташриф буюрган зиёлилар юртимизнинг барча шаҳар-у қишлоқларида, маҳаллаларда, ташкилот-у корхоналарда, умумтаълим мактабларига ташриф буюришяпти, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиняпти. Бугунга қадар пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ зиёлилар, таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат аҳли Фарғона, Наманган, Андижон ҳамда Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятлари бўйлаб сафарда бўлиб аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳиятини халқчил тилда батафсил шарҳлаб беришмоқда, — дея таъкидлади.
Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди.
Конференция кун тартибида:
“Конституциявий ислоҳот—бугуннинг талаби, эртанинг кафолати”;
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги устувор йўналишлар”;
“Янгиланаётган конституция тараққиётимизга янги куч ва шиддат бағишлайди”; “Миллий ўзликни англашда Қомусимиз тарихи ва янгиланаётган Конституциямизда инсон ҳуқуқларининг ўрни”;
“Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти янада кенгайтирилиб, ўқитувчиларнинг конституциявий мақоми мустаҳкамланмоқда”;
“Янгиланаётган Конституция ва унинг тарғиботи: замонавий ёндашувлар зарурати” каби масалалар кўриб чиқилади.
"Маърифат" тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати