Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази “Референдум-2023” ботини ишга туширди
Бу ҳақида Марказда бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинди. Мазкур https://t.me/REFERENDUM2023uzBot телеграм боти жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган ва бир сутка ичида 30 мингдан ортиқ фойдаланувчини қамраб олган.
12 апрель куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан “Референдум ташвиқотини олиб боришда замонавий технологияларнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ўзининг мақсад ва вазифларидан келиб чиқиб, жамият ва давлат ҳаёти учун энг муҳим бўлган конституциявий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Шунингдек, Марказ аҳолига ва кенг жамоатчиликка конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва заруриятини етказиш, референдумга оид барча маълумотлар, олиб борилаётган тарғибот ишлари, тайёрланган тарғибот воситалари билан фуқароларни таништириш ҳамда энг муҳим янгиликлар билан бўлишиш мақсадида “Референдум-2023” телеграм ботини ишга туширди.
Ушбу телеграм бот ўзбек ва рус тилларида ишга туширилди. Ботда Конституциявий қонун лойиҳаси, унинг шарҳлари, экспертлар ва аҳоли фикр-мулоҳазалари, референдумга оид кўплаб саволларга жавоблар, бир қатор фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партияларнинг умумхалқ муҳокамаси бўйича муносабатлари, тарғибот-ташвиқот жараёнларидаги иштироки кенг ёритилган.
Шунингдек, ботда Марказий сайлов комиссиясининг расмий қарор
ва маълумотлари ҳам қамраб олинган. 12 апрель куни ишга туширилган мазкур бот жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди ва бир сутка ичида 30 мингдан ортиқ фойдаланувчини қамраб олди.
Эслатиб ўтамиз, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида 2023 йилнинг 9 январь куни Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олиниб, ушбу даврдан бошлаб ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Асосий фаолият йўналиши жойларда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, ахборот маконининг ғоявий мазмунини тизимли таҳлил қилиш, ҳудудлар ва мамлакат даражасида маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш, миллий бирдамлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга қаратилган чораларни ишлаб чиқишдан иборат.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази