Жамият | 21:43 / 15.04.2023
32332
2 дақиқада ўқилади

1876 йилда ишлаб чиқарилган тилла тангаларни 145 минг долларга сотаётган икки киши қўлга олинди

Тангаларнинг бирида император Александр III нинг рафиқаси тасвири акс этган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

1876 йилда ишлаб чиқарилган олтин тангаларни сотаётганлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Сотиб юборилиши режалаштирилган қимматбаҳо тангалар бундан 147 йил муқаддам, яъни 1876 йилда ишлаб чиқарилгани айтилмоқда. Тангаларнинг бирида император Александр III нинг рафиқаси Мария София Фредерика Дагмар тасвири туширилган.

Тилла тангаларнинг умумий оғирлиги 76,2 грамм бўлиб, қонунбузарлар уларни 145 минг долларга сотишни режалаштирган. Улар олди-берди вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар — олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, радий, рутений ва осмий), шундай металлардан ясалган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг резгилари бундан мустасно; хомашё ёки ишлов берилган ҳолатдаги табиий қимматбаҳо тошларни (олмос, ёқут, зумрад, сапфир, александритлар, шунингдек марваридлар) қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш тақиқланади.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этилишича, айни пайтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид