Электрон почтамга юборилган навбатдаги мактубни ўқир эканман хаёлимга агар у маҳоратли режиссёрнинг қўлига тушса яхши филм қилса бўлар экан деган ўй келди. Ҳодиса ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли бўлиб, унда мактуб эгаси бундан анча йиллар аввал бошидан ўтказган воқеаларни ёзган экан.

Маълум бўлишича, у 20 йилча аввал Россияга ишлашга бориб бой лўлилардан бирининг эски уйини бузаётганда тилла тангалар топиб олган. Бироқ бу ҳақда уйнинг эгасига ва шерикларига айтмаган ва тангаларни Ўзбекистонга олиб келган.

«Катта таваккал қилиб тилла тангаларни Ўзбекистонга олиб ҳам келдим. Бироқ ўшанда қилаётган ишим нотўғрилигини, бировнинг ҳақи бировга буюрмаслигини ўйламабман. Охир-оқибат ҳамқишлоқларим олдида юзим шувит бўлди, уятга қолдим. Орадан қарийб 20 йил ўтган бўлсада танишларим ўша ишимни ҳанузгача бетимга солишади», дейди у мактубда.

«2004 йил уч нафар ҳамқишлоғим билан уч-тўрт сўм ишлаб келиш мақсадида Россияга жўнадик. Ўшанда ҳеч биримиз рус тилини тузук билмаймиз. Иш топиб берар деган умидда бир қанча ҳамқишлоқларимиз савдо-сотиқ билан шуғулланадиган Челябинск шаҳри томон йўл олдик.

Манзилга етиб борганимиздан сўнг ҳамқишлоқларимиз бир неча кун меҳмон қилишди. Бироқ маълум бўлдики, уларнинг ҳеч бирида бизбоп бўш иш ўрни йўқ экан.

«Укалар, бу ердаги бозорларда бир нечтадан қуруқ ва ҳўл мева, сабзавотлар билан савдо қилувчи дўконларимиз бор. Бироқ уларга сизларни ишга ололмаймиз. Бизга рус тилини яхши биладиган одам керак. Шу учун маҳаллий сотувчиларни руслардан олганмиз. Хафа бўлмайсизлар, энди», дейишди улар.

Ҳамқишлоқларимиз бизга ижарага арзонроқ уй топиб беришди. Ётоқ-жой муаммоси ҳал бўлгач шаҳар четида жойлашган мардикор бозорига чиқа бошладик.

Ўша пайтларда ҳали юртдошларимиз ёппасига иш излаб Россияга бормас, бизга ўхшаганлар кам эди. У ёқ-бу ёқларда фақат тожикистонликлар ишлаб юрарди.

Бизга ҳар кун иш бўлар, иш ҳақи ҳам ёмон эмасди. Кимнидир иши бир кунда тугар, эртаси куни яна мардикор бозорига борардик. Кимнидир иши эса 3-4 кун давом этарди.

Ана шундай кунлардан бирида теридан тикилган пиджак кийган, бўйнига йўғон тилла занжир осган бир киши келди. У бобосидан қолган эски уйни бузиш кераклигини, агар нархини келишсак шу ишни бизга қилдиришини айтди.

Ранги буғдойранг бўлгани учун уни аввалига кавказлик деб ўйладик. Кейин билсак у россиялик лўлилардан экан. Лўли билан нархни келишдик, пулни иш тугагач берадиган бўлди.