Муваффақиятли инсонлар ҳақида гап кетганда энг биринчи уларнинг ҳаёт йўли ҳақида билишга қизиқамиз. Масалан, ёзувчи Габриэл Гарсиа Маркес, қўшиқчи Тeйлор Свифт, Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин, машҳур ошпаз Жулия Чилднинг қандай умумий томонлари бор?

Жавоб шуки, уларнинг ҳаммаси кичиклигидан бошлаб Монтессори мактабларида ўқишган. Ҳиндистон мустақиллиги асосчиси Маҳатма Ганди Монтессори услубининг фанати эди, у болани қандай ўқитиш кераклиги ҳақида шундай деганди: “Болага ҳамма нарса ўйин шаклида ўргатилса, у ўрганиш юки сабаб қийналмайди”. Ҳиндистонлик шоир, Нобел мукофоти лауреати Робиндранат Тагор эса болалар ўзлари ижодий тарафларини эркин намоён қила оладиган Монтессори мактаблари тармоғини яратган.

Монтессори методи қандай ишлайди?

Италиялик шифокор ва ўқитувчи Мария Монтессори болаларни кичиклигиданоқ мустақилликка ўргатувчи тамойилларини ишлаб чиққанига ҳам бир асрдан ошди. Ҳозир бутун дунёда Монтессори усулидан фойдаланадиган камида 60 минг мактаб мавжуд.

Мария Монтессори ким ўзи?

Монтессори 1870 йилда Италиянинг Кьяравалле деб аталувчи коммунасида туғилади. Унинг оиласи замонасининг олим ва мутафаккирлари билан тез-тез кўришиб турадиган зиёлилар эди. Бу эса Марияга ўзининг тенгдош қизларига қараганда анчайин устунликларни берарди.

Марияни онаси доим қўллаб-қувватлайди ва бу унинг бошланғич мактабдан сўнг техника мактабига ўқишга киришида, кейинроқ, асосан, эркаклар ишлайдиган тиббиёт соҳасини ўрганишга қарор қилганида акс этади.

1896 йилда ўқишни тугатганидан кўп ўтмай Монтессори Рим университети қошидаги психиатрия клиникасида кўнгилли ёрдамчи бўлиб ишлай бошлайди. У ерда Монтессори ўрганишда қийинчиликларга дуч келадиган болалар билан ишлайди. Монтессори ишлайдиган хона деярли бўш, фақат баъзи мебеллар бор эди холос. Бир куни у болаларнинг ерга тушган нон ушоқларини иштиёқ билан ўйнаётганини пайқаб қолади. Кейин унинг хаёлига баъзи ақлий заифликларнинг келиб чиқишига камбағаллик ҳам сабаб бўлиши мумкин, тўғри яратилган ўқув материаллари билан эса ёш қалбларни тарбиялаш мумкин деган фикр келади.