Жаҳон | 17:03 / 17.04.2023
16352
8 дақиқада ўқилади

Судандаги жанглар: томонлар қисқа муддатли сулҳга келишди, аммо ҳарбий ҳаракатлар тўхташига умид йўқ

Сўнгги кунларда бутун Судан бўйлаб шиддатли тўқнашувлар кузатилмоқда, ҳарбий ҳаракатлар янгидан янги ҳудудларга тарқалмоқда.

Хартумдаги аҳоли яшаш кварталида ёнғин. Фото: Getty Images

Армия ва «Тезкор реакция кучлари» (RSF) номли ҳарбийлашган тузилма ўртасидаги қуролли низо учинчи кундирки давом этмоқда. Шифокорларга кўра, ҳозирга қадар 100 га яқин кишининг ўлими тасдиқланган, айрим баҳоларга кўра, яраланганлар сони 1100 кишини ташкил этмоқда. Икки томон ҳам пойтахт Хартумдаги муҳим объектларни назорат қилаётганини айтмоқда, аҳоли эса портлашлардан яширинмоқда.

Судандаги можаро томонлари якшанба куни ярадорлар ва тинч аҳоли вакиллари эвакуацияси учун қисқа муддатга ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган, аммо ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш ҳақида гап йўқ.

Судан армия вакиллари ва RSF тузилмаси БМТ таклифи билан якшанба куни соат 16:00 дан соат 19:00 га қадар ўт очишни тўхтатиб туриш бўйича келишган. Бу вақт ичида тинч аҳоли вакилларига ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк этиш учун йўлак очиш ва ярадорларни шифохонага олиб бориш кўзда тутилганди.

AFP агентлиги маҳаллий аҳоли орасидаги гувоҳларга таянган ҳолда хабар беришича, ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганига қарамай, камида Хартум аэропорти ҳудудида отишмалар ва портлашлар давом этган.

Африка иттифоқи, етакчи араб давлатлари ва АҚШ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, ҳокимиятни ҳарбийлардан фуқаролик ҳукуматига ўтказиш бўйича музокараларни тиклашга чақирмоқда.

Аммо, урушаётган томонлар берган баёнотларга кўра, улар ҳозирча бу чақириқларга ижобий жавоб қайтармоқчи эмас.

Тезкор реакция кучлари раҳбари, генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагало Судан раҳбари, генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон жиноятчи экани ва у таслим бўлиши кераклигини таъкидламоқда.

Ўз навбатида, армия ҳам Тезкор реакция кучлари тарқатиб юборилмагунча музокаралар бўлмаслигини айтмоқда.

Хартумнинг ўзида 56 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши яраланган, аммо бу якуний рақамлар эмас
Фото: ANADOLU AGENCY

Суданлик шифокорлар эса яна бир бор халқаро ҳамжамият, ҳуқуқ фаоллари ва дипломатик ташкилотларни можаронинг икки томонига ҳам босим ўтказиб, уларни ҳарбий ҳаракатларни бас қилишга ундаш ва фуқаролар учун хавфсиз йўлаклар таъминлашга чақирди.

Судан тиббиёт ассоциациясининг Facebook’даги саҳифасида «Хартум ва жанглар кетаётган бошқа барча штатлардаги шифохоналар ҳамда тиббий муассасаларга дори-дармон ва тиббий ёрдам кўрсатиш», шунингдек тез ёрдам машиналари ва тиббий ходимларнинг хавфсиз ҳаракатланиши, тиббий ташкилотлар ва шифохоналар хавфсизлигини таъминлаш сўралган.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури якшанба куни ўз ходимларидан уч нафари ҳалок бўлгач, Судандаги барча амалиётларини вақтинча тўхтатди. Шимолий Дарфурдаги Кабкабия шаҳридаги тўқнашувлар чоғида ташкилотнинг уч ходими ҳалок бўлиб, яна икки ходим яраланган. Ташкилот вакили Reuters агентлигига аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар суданликлар эди.

Жаҳон озиқ-овқат дастури Суданда фаол иш олиб боради, мамлакатнинг жанубий ҳудудлари бемисл сув тошқинларидан кучли жабр кўрган. Унинг фаолияти тўхташи оқибатида минглаб кишилар очлик ёқасида қолади
Фото: SIMON MAINA

«Ҳозирча биз бу вазиятда қандай ҳаракатланишни муҳокама қиляпмиз, аммо бу борада қарор қабул қилингунича Судандаги барча операцияларимизни тўхтатиб туришга мажбурмиз», — деган Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейн.

«Ҳуманитар хизматдаги ҳар қандай йўқотишга тоқат қилиб бўлмайди ва мен зудлик билан қолганларнинг хавфсизлиги кафолатланишини талаб қиламан, - деган Маккейн хоним. - Инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётганлар бетарафдир ва нишонга айланмаслиги лозим. Ташкилотимиз ўткир озиқ-овқат етишмовчилигига учраган Судан халқига ёрдам кўрсатишга интилмоқда, аммо биз агар одамларимиз хавфсизлиги кафолатланмаса, ҳаётларни сақлаб қолиш бўйича ишларимизни адо эта олмаймиз».

Синди Маккейн 2022 йил сентябрида. Фото: PIER MARCO TACCA

Шанба куни Хартум аэропортидаги отишмалар чоғида БМТнинг ҳуманитар ҳаво хизмати самолёти ҳам шикастланган.

Айни вақтда қайси шаҳар ва регионлар қайси томон назоратида экани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тезкор реакция кучлари пойтахтдаги муҳим объектларни назорат қилаётганини маълум қилган, қуролли кучлар раҳбари эса бу ёлғонлигини айтмоқда.

Найробидаги BBC мониторинг хизмати ходими Беверли Очиенгнинг сўзларига кўра, икки томон ҳам ўзлари назорат қилаётган ҳудудлар тўғрисида бир-бирини рад этувчи маълумотлар бермоқда ва бундай шароитда ҳақиқий вазият ҳақида тасаввур ҳосил қилишнинг деярли имкони йўқ.

Унинг қўшимча қилишича, Судан нашрларининг аксари фақат ижтимоий тармоқларда маълумот жойлаштирмоқда ва бу - Суданда айни вақтда нима бўлаётгани бўйича янгиликларнинг ягона манбайи бўлиб қолмоқда.

Reuters агентлигининг Хартум ва мамлакат атрофидаги бошқа қатор шаҳарлардаги мухбирлари хабар беришича, Судан давлат телевидениеси эфирларни тўхтатган - ҳарбий ҳаракатларнинг илк кунларида телеканал фақат мусиқа қўяётганди.

Армия аскарлари Порт-Суданда, гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу ерда исёнчиларнинг икки базаси назорат остига олинган
Фото: Getty Images

Хартум шаҳрида яшовчи Холуд Хайра BBC мухбири билан суҳбатда кўплаб одамлар тўғридан тўғри ўз уйида ҳалок бўлгани ёки яралангани, қурбонлар сони ошишини айтганди: «Тинч аҳоли вакилларидан уйларида қолиш сўралмоқда, аммо бу орқали ҳамманинг ҳаёти омон қолиши кафолатланмайди».

Улкан ҳудудга эга Суданнинг турли жойларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмоқда, аммо афтидан мамлакат шимоли-шарқидаги Порт-Судан шаҳрида жанглар якунланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, армия Тезкор реакция кучларининг шаҳардаги икки базасини назоратга олишга муваффақ бўлган ва якшанба куни бу ерда армия аскарлари ғалабани нишонлашган.

BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Фрэнк Гарднер шарҳи

Судан - дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири, аммо унинг табиий ресурслари, шунингдек Қизил денгиз бўйидаги стратегик жойлашуви араб давлатлари ҳамда АҚШ каби дунёнинг йирик давлатлари эътиборини ўзига жалб этади.

Шу билан бир вақтда Россия ҳам ушбу мамлакат соҳилларида ҳарбий-денгиз базаси очишни истайди ва бу борада суданлик ҳарбийлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Вашингтон эса бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда, бундан ташқари, Қўшма Штатлар Судан террорчи гуруҳлар, масалан, Усама бин Лодиннинг «Ал-Қоида» гуруҳи учун бошпанага айланган даврларига қайтишини истамайди. Яқинда АҚШ босими остида Судан Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатганди.

Қўшни Миср Хартум билан яқин алоқаларга эга, ўз навбатида бу икки мамлакат умумий қўшни бўлган Эфиопия билан душманона муносабатда ҳисобланади.

Мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган ҳукмдор, генерал Умар ал-Башир 2019 йилда ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони ҳам Хартум билан алоқаларни йўлга қўйди. Саудияликлар Хартумни Яманга қўшин юборишга кўндирди, Ар-Риёд Ямандаги фуқаролик урушида қонуний ҳукуматни қўлламоқда.

БАА эса Суданни ўзининг мавжудлигига таҳдид солувчи диний экстремизмга қарши кураш бўйича минтақавий занжирнинг бир ҳалқаси сифатида кўради.

Шу тариқа, Суданда кўплаб катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашганидан келиб чиққан ҳолда, можаро тез орада барҳам топишига деярли умид йўқ.

Мавзуга оид