Жаҳон | 22:01 / 12.11.2024
17284
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди

Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, қўлга олинган шахслар орасида Қирғизистон фуқароларидан ташқари, чет элликлар ҳам бор. Ҳолат юзасидан оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Фото: mvd.gov.kg

Қирғизистон ИИВ мамлакатда оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга алоқадорликда гумонланган етти киши қўлга олинганини маълум қилди. Оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш бўйича жиноят иши қўзғатилган. 17 ноябр куни Қирғизистонда маҳаллий кенгашлар учун депутатлар сайлови бўлиб ўтади.

«Бишкек шаҳри яқинида спорт ўйинлари, шунингдек, турли мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган эди. Шу баҳонада улар (қўлга олинган шахслар) зўравонликка чақириш, конституцияга зид талабларни илгари суриш ва сайлов куни ҳокимиятни эгаллаб олиш учун вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган», — дейилади ИИВ хабарида.

Идоранинг аниқлик киритишича, қўлга олинган шахслар орасида Қирғизистон фуқаролари билан бирга, чет элликлар ҳам бор. Тинтув давомида улар яшаган жойдан жанговар граната, тўппонча, учта квадрокоптер, шунингдек, «олoмонга ичириш учун минг шиша ароқ», бир тонна гуруч ва от топилган.

Қирғизистон ҳукумати 2024 йил бошидан бери ҳокимиятни эгаллашга учинчи марта уринилаётгани тўғрисида хабар берди. Январ ойида республика президенти Садир Жапаров давлат тўнтаришининг олди олинганини маълум қилганди. Июлда эса мамлакат махсус хизматлари томонидан тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашни ният қилган бир гуруҳ шахслар ушланган эди.

Мавзуга оид