“Тез ухла, йўқса “бўжи” сени опкетиб қолади”, “овқатингни емасанг доктор келиб укол қилади”, “қулоқсиз болаларни “баба” “ҳам” қилади”... Ёш болали уйларда шундай “таҳдидлар” тез-тез янграб туради. Ҳали дунёни англаб улгурмаган митти вужудга қўрқув ҳисси сингдирилади. Бу орқали катталар болани осонгина йўриғига юрғизишни исташади. Қўрқитиш методидан ҳаддан ортиқ фойдаланиш бола руҳиятига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди. Психолог Шаҳноза Жумақулова билан шу хусусда суҳбатлашдик.
“Қўрқув – бизни хавфли сигнал билан таъминлайдиган ҳиссиётдир. Бунда биз дарҳол ўзимизни эҳтиёт қилиш режимини ёқамиз. Шу сабаб ҳиссий интеллект нормал ривожланиши учун тарбия нуқтаи назаридан, қўрқувни бутунлай истисно қилиш керак эмас. Қўрқувни тўғри йўналтиришни ўрганиш керак.
Агар ота-она болани қўрқитса, итоаткорликка эришиш кафолатланади. Аммо бола психологиясида жароҳат қолади.
Ҳар бир бола жуда кўп қўрқувни бошдан кечиради, уларнинг аксарияти асоссиз. Баъзи қўрқувлар вақтинчалик, бошқалари инстинктив, асосан туғма, масалан, қоронғилик, баландликдан қўрқиш ва ҳоказо. Аммо ота-оналар томонидан қўрқитиш жараёнида пайдо бўладиган қўрқувнинг бир қанча тоифаси мавжуд.
Баъзи вазиятларда, гапириш имкони бўлмаганда, жуда тез ҳаракат қилиш керак бўлади. Бунда қўрқув ёрдам берадиган ягона нарса деб ўйлаймиз. Мисол учун, агар бола машина йўлига чиқса, хавфлилигини таъкидлаб, бу қўрқинчли оқибатларга олиб келишини айтиш керак.
Нега биз болаларимизни қўрқитамиз?
Ота-оналаримиз ва олдинги авлодларимиздан мерос бўлиб қолган одат бу. Болалар безорилик қилиши агрессияси ортида маълум психологик сабаблар ҳам бор. Қўрқитишдан олдин боладаги инжиқлик сабабларини ўрганиш керак. Қўрқув ёрдамида биз бола эътиборини маълум бир нарсага қаратишга ҳаракат қиламиз.
Мавжуд бўлмаган қўрқинчли қаҳрамонларни ўйлаб топиб, ўзимиздаги тарбия масъулиятини ёвуз ажина, жаҳлдор амаки, махлуқ ва бошқаларга ўтказган бўламиз.
Айниқса, болани йўриғига сололмаган ота-оналар муайян касб эгалари билан қўрқитишга ҳаракат қилишади. Жумладан, шифокорлар, милиция ходимлари, оиладаги катталар, отаси, бобо, буви ва бошқалардан фойдаланишади.
Жуда кичик болалар, кўрсатма ва тақиқларни ҳали тушунмайди, хавф борлигини сезмагани учун ҳам ҳеч нарсадан тап тортмайди. Доимий равишда қўрқитишни қурол қилиб олсак, биз болаларимизни қўрқоқ, ишончсиз, эмоцияга берилувчан қилиб тарбиялаймиз










