Жаҳон банки ва халқаро валюта жамғармаси томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Spring Meetings” – “Баҳорги учрашувлари” ўтган ҳафта (10–16 апрел) якунланди. (Баҳорда “Баҳорги учрашувлар”, кузда эса “Кузги учрашувлар” – “Autumn Meetings” бўлиб ўтади.)

Вашингтонда бўлиб ўтган панел учрашувларида давлатларнинг молия вазирлари, марказий банк раҳбариятлари банк секторидаги босим ва барқарор инфляция, [давлат] қарзларининг ошиши, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва иқлим ўзгариши хавфи ортиб бораётгани, дунёдаги қашшоқлик ва унга ечимлар масаласини муҳокама қилди.

Жаҳон банки ва ХВЖнинг бир ҳафта давом этадиган баҳорги учрашуви глобал иқтисодиёт ҳолатини муҳокама қилиш учун молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларини бирлаштирадиган катта тадбирдир.

2008 йилги глобал кризисга қадар бу учрашув фақат “Катта еттилик” (Great-7) давлатлари иштирокида ўтган бўлса, кризисдан кейин “Катта йигирмалик”ка (Great-20) кирувчи давлатлар молия вазирларини жалб қилди. Баҳорги учрашув, шунингдек, G-24 гуруҳига кирувчи ривожланаётган мамлакатлар молия вазирларининг учрашувларини ҳам ўз ичига олади.  

Ривожланаётган давлатлар қарзи

Ривожланаётган мамлакатларда қарз сўнгги 50 йил ичида энг юқори даражага кўтарилди. Йиғилишларда қарзнинг барқарорлиги масаласи ҳам диққат марказидан узоқда бўлмади. Жаҳон суверен қарз давра суҳбатида асосий эътибор қарзни қайта режалаштириш жараёнини тезлаштириш ва уни янада самаралироқ қилиш йўлларига қаратилди. Давра суҳбатида макроиқтисодий прогнозлар ва қарз барқарорлигини баҳолаш бўйича ахборот алмашишни яхшилаш зарурлиги тўғрисида келишиб олинди.

Ривожланаётган давлатлар йирик кредиторлар ўртасидаги камбағал мамлакатларнинг миллиардлаб долларлик қарзларини қандай қайта режалаштириш бўйича баҳсни ҳал қилишни талаб қилишди. Муҳокамалар ХВФ, Хитой, банклар ва облигация харидорлари каби кредиторлар ўртасидаги қийин вазиятдан чиқишга қаратилди.  

Глобал ўсиш секинлашиши ва фоиз ставкалари кўтарилиши кўпроқ мамлакатларни қарз инқирозига олиб келар экан, инқирозни бартараф этиш ҳаракатлари ҳозирча етарли эмас. Баҳорги йиғилишлар тадбирида қарзнинг шаффофлигини ошириш ва тезроқ келишувларни амалга ошириш долзарблиги, мамлакатларга қарзни самаралироқ бошқаришга ёрдам берадиган ислоҳотлар зарурлиги каби масалалар кўриб чиқилди.

Украинани тиклаш учун 400 млрд доллар керак