Жаҳон | 17:27 / 06.11.2024
2088
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади

Жаҳон банки иқлим ўзгариши 2030 йилга бориб яна 100 миллион одамни қашшоқликка олиб келишини прогноз қилмоқда. Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатида 80 миллион киши ишсиз қолади.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни 10-25 фоизга қисқартириши мумкин.

«Жаҳон банки иқлим ўзгариши 2030 йилга бориб яна 100 миллион одамни қашшоқликка олиб келишини прогноз қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда 3,6 миллиард инсон иқлим ўзгаришидан кўпроқ азият чекадиган ҳудудларда истиқомат қиляпти. 2030 йилдан 2050 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги, безгак, диарея ва иссиқлик стрессининг тарқалиши ҳар йили қўшимча 250 мингта ўлим ҳолатларини юзага келтиради», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 2030 йилга бориб иқлим ўзгариши оқибатида 80 миллион киши ишсиз қолади. «Иқлим ўзгариши муаммоларига боғлиқ соғлиқни сақлаш харажатлари 1-5 триллион АҚШ долларига ошиши мумкин», — дейди Озарбойжон Иқтисодиёт вазирлиги вакили «Яшил иқлимни молиялаштириш ва углерод нархларининг шаклланиш сиёсати» мавзусидаги семинарда.

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) бош котиби ўринбосари Ко Барреттнинг маълум қилишича, карбонат ангидрид гази метан ва азот оксиди билан бирга атмосферада «инсоният тарихида энг тез» тўпланиб қолаётган асосий иссиқхона газларидан бири ҳисобланади.

Ташкилотнинг 2024 йил бўйича ҳисоботи карбонат ангидрид гази миқдорининг ўсишини зудлик билан камайтириш кераклигига илмий далил бўлиб хизмат қилади. 2004 йилда атмосферадаги ушбу газ миқдори ҳар миллион заррага 377,1 ни (ppm) ташкил этган, 2023 йилда эса мазкур кўрсаткич 420 га (ppm) етган.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш глобал исиш Тинч океанидаги орол давлатларга хавф солаётганини маълум қилганди. Шунингдек, БМТ раҳбари дунё аҳолисини иссиқликдан ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирган эди. Ташкилот сўнгги ўн йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлганини маълум қилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид