Ўзбекистон | 11:14 / 21.04.2023
11141
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти «Аҳолиси иш билан таъминланган ҳудуд»га айлантирилади - қарор лойиҳаси

Фото: Kun.uz

“Фарғона вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фарғона вилоятини 2023 йилда “Аҳолиси иш билан таъминланган ҳудуд”га айлантириш ҳамда вилоятни жадал суръатларда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

маҳаллаларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш;

инфратузилмавий шарт-шароитларни яратиб бериш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш;

ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш.

Фарғона вилояти маҳаллаларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш йўналиши доирасида:

а) Фарғона вилояти маҳаллаларида ташкил этиладиган микромарказларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишлари билан бир қаторда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил қилинади.

2023 йилда Фарғона вилояти маҳаллаларида саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида ташкил этиладиган микромарказлар ва микролойиҳалар ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади;

б) Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда 2023 йил давомида ҳудуддаги мавжуд 1062 та маҳаллалардан ҳунармандчиликка қизиқувчи йигит ва қизларни ҳунармандчилик мактабларига ҳунар ўрганиш учун ўқув курсларига юбориш чораларини кўради.

Бунда, мазкур кичик банддаги чора-тадбирларни молиялаштириш Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, вилоят маҳаллий бюджети ва “Ҳунарманд” уюшмаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш йўналиши доирасида:

а) 2023 йилда Фарғона вилоятида янги деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун аҳолига қўшимча 11 939 гектар ер майдонлари ажратилади. Бунда, мазкур ер майдонларининг:

9 929 гектари пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган экин ерлар ҳисобидан;

30 гектари янги ўзлаштирилган ерлар ҳисобидан очиқ электрон танлов асосида тақдим этилади;

1 980 гектари туман захира ер фондидаги ерлар ҳисобидан очиқ электрон танлов асосида тақдим этилади;

б) 2023 йилда Фарғона вилоятида 2 124 гектар фойдаланишдан чиқиб кетган экин ерлар сув таъминотини яхшилаш ҳисобидан қайта фойдаланишга киритилади.

Бунда, мазкур кичик бандда назарда тутилаётган ер майдонлари ташаббускорлар томонидан, шунингдек, янги деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун аҳолига очиқ электрон танлов асосида тақдим этилган ҳолда қайта фойдаланишга киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид