Тўхтатилган «Ўлмас полк»: Нега ундан Кремлга энг керакли пайтда воз кечилмоқда?
Россияда 9 май куни ўтказиладиган «Ўлмас полк» юришлари сабаблари тушунтирилмасдан бекор қилинмоқда. Катта эҳтимол билан бу – «махсус ҳарбий амалиёт»да ўлганларнинг портретлари билан нима қилиш кераклигини билмасликдан бўлмоқда.
Россияда 2023 йилда «Ўлмас полк» акцияси ўтказилмайдиганга ўхшаяпти. Путин Россиясининг бош рамзларидан бири у энг керакли вақтда бекор қилинмоқда. Афтидан, Украинадаги уруш фонида у реалликка унчалик мос келмаяпти.
Ҳаммаси аллақачон анъанавий ва оммавий кўринишга эга бўлган юришнинг ташкилий қўмитаси Москвада у бекор қилинишини эълон қилганидан бошланди. Россия пойтахтида «Ўлмас полк» юриши бўлмаслиги эълон қилингани заҳоти намойиш Калуга, Воронеж, Смоленск ва Ярославлда ҳам бекор қилингани маълум бўлди. Қрим ва Севастополда юриш бекор бўлиши Москвадан ҳам аввалроқ эълон қилинганди. Иккинчи жаҳон урушининг қақшаткич жанглари кечган Орёл, Курск ва Белгородда ҳам бекор қилинса керак, аввалроқ бу шаҳарларда 9 май паради ҳам бекор қилинган эди.
Бу қарор маҳаллий амалдорларни гангитиб қўйди. Масалан, Санкт-Петербургда район маъмуриятлари локал акциялар ўтказилишини айтишмоқда, аммо Нева шоҳкўчасида асосий акция ўтиш-ўтмаслиги ҳозирча тушунарсиз. Краснодарда «тадбирларни ўтказиш формати муҳокама қилинмоқда», гарчи марказлаштирилган юриш барибир бўлмайди. Ўлка губернатори Вениамин Кондратйев аллақачон «Ўлмас полк» мактаб линейкалари шаклида ўтказилишини анонс қилиб бўлган.
«Россия ўлмас полки» кўнгиллилар жамоат ташкилоти ҳамраиси, Давлат думаси депутати Елена Цунаевага кўра, юриш Қримда бекор қилингани учун бутун мамлакатда бекор қилинмоқда. Чунки «тарих ягона ва қаердадир одамларнинг ўтказишга имкони бўлмаса, бошқа вариантдан фойдаланниш керак». Айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимиятлар уни ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда, бекор қилиш ҳақида хабарлар чиқмаган.
Нима бўлганда ҳам мамлакат пойтахти Москвада уюштириладиган (ҳаттоки бир пайтлар уруш фахрийсининг ўғли Владимир Путин қатнашган) энг йирик юришсиз «Ўлмас полк» умумий хотирлаш ҳодисаси сифатида ўз миқёси, аҳамиятини йўқотади ва маҳаллий даражадаги воқеага айланади. Ҳа, эвазига жойларда қандайдир бошқа форматлар таклиф қилинмоқда — портретларни машиналарга ёпиштириш, кийимларга тушириш каби. Лекин бундай омихталар машҳурлашиши даргумон; юришнинг бор маъно-мантиғи унинг оммавий ва жамоавий кўришга эга эканида, индивидуал кўринишда у жуда камтарона, тўғрироғи, бемаъни кўринишга эга бўлади, деб ёзади рус журналисти Михаил Шевчук.
Тадбир бекор қилиниши ғалати кўринаётганининг сабаби — миллионлаб инсонлар иштирок этган Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг портретларини кўтариб юриш қилиш, гарчи фаоллар томонидан ўйлаб топилган бўлса-да, дарҳол давлат назоратига ўтди ва Россия расмий сиёсатининг ҳақиқий рамзига айланиб бўлган эди. Бу давлат-ватанпарварлик нарративининг визуал кўринишга эга бўлгани, ҳокимият томонидан таъкидлаб келинган халқнинг бирдамлиги, хотира муқаддаслиги, аждодлар билан узилмас ришта борлиги ҳақидаги тезисларининг ҳаққоний эканининг бир исботи эди.
Унинг марказида «улуғ ватан уруши» хотираси рус халқининг қудрати рамзи сифатида жойлаштирилди. Шунингдек, «коллектив ғарб»нинг Россиядан ғалабани тортиб олишга бўлган уринишлари ва ношукрлиги борасидаги рус сиёсатчиларининг арзларига ўзига хос жавоб бўлди. Юришнинг аввалбошдан белгиланган бош ғояси («уруш ҳар қандай ҳолатда такрорланмаслиги керак») – албатта иккинчи планга суриб қўйилди, бугунга келиб умуман ғойиб бўлди.
Украинадаги урушни Россия расмий пропагандаси иккинчи жаҳон урушининг тўғридан тўғри давоми сифатида тақдим этиб келмоқда. «Ўлмас полк» эса бу ғояни қўллаб-қувватлайди — фашизмга қарши курашган аждодлар гўёки уларнинг портретларини кўтариб олган неваралар ва чевараларни янги юришга кузатишмоқда (2022 йили — уруш қизғин паллада ўтказилган юришда бош маъно ҳам шундай эди). Ватанпарварлик мантиғига кўра ҳозир, Украинанинг қарши ҳужумга ўтиш палласида фуқароларни руҳлантириш учун бу тадбир жуда-жуда керак эди, аммо уни бекор қилишмоқда.
Гарчи баралла айтишмаётган бўлса-да, бу хавфсизлик нуқтайи назаридан қилинаётгани биринчи галда хаёлга келади (бу нима, махсус хизматлар хавфсизликни таъминлай олишига гумондан дарак берадими?) Бир йил аввал Россия армияси олға ҳаракат қилаётган эди; чегара олди ҳудудларни қўятуринг, Москва остонаси ва Самарагача портловчи модда элтиб учаётган Украина дронлари ҳақида гап-сўз йўқ эди. Москвадаги бинолар узра ҲҲМ тизимлари ўрнатилаётган, Санкт-Петербургда Татарский куппа кундузи портлатиб юборилаётган экан, хавфсизлик чоралари, албатта, табиий кўринади. Бундай юришлар чоғида содир бўладиган ҳар қандай портлаш янада кучли (психологик нуқтайи назардан, албатта) ва қўрқинчли зарба бўларди. (Дарвоқе, Россияда биринчи май намойишлари ҳам бекор қилинмоқда). Бундан келиб чиқадики, бир неча ой аввал долзарб бўлиб турган хавфсиз пойтахт образи тумандек тарқаб кетди. Москва энди ундай эмас.
Агар хавфсизлик ҳақида гап борар экан, демак «махсус ҳарбий амалиёт»ни ҳам бошламаслик керак эди.
Бу ерда ғоянинг ўзи тушуниб етилган риск ҳақида бормоқда: улуғвор мақсадга интилаётган жангчилар ўлимдан нафратланишни намойиш этишмоқда ва мафкура нуқтайи назаридан жаҳонга қўрқув йўқлиги, прозаик хавф устидан руҳиятнинг ғалабасини кўрсатиб қўйиш муҳимроқдек эди. Қўрқувни намойиш этиш мумкин эмасди.
Эҳтимол, бошқа мулоҳазалар ҳам бордир. Айтайлик, яна «Ўлмас полк»ни бошқаришни истаб қолган Владимир Путиннинг саломатлигидан хавфсираш (агар у истамаса — бу ҳам яққол кўзга ташланади). Ёки Украинадаги урушда ўлганларнинг портретларини нима қилишни тушунмаслик.
Украинадаги уруш Чеченистон ва Афғонистондаги урушдан фарқли равишда ўша «муқаддас улуғ ватан уруши»нинг давоми бўлса, демак қурбонлар ҳам бир хил даражада, демак уларнинг портретини кўтариш нафақат ўринли, балки мажбурий. Лекин бундай портретлар бир жойда тўпланса ҳокимиятга керак бўлмаган йўқотишларнинг жуда кўплиги эффектини яратади — ҳокимият эса бу рақамларни тилга олишни хоҳламайди, Мудофаа вазирлиги ҳам йўқотишлар ҳақида гап очмаганига ойлар бўлиб кетди.
Аввалбошдан хотирлаш акцияси ҳамда ҳозир ва шу ерда бўлаётган ҳарбий можарони умумий конструкцияга бирлаштириш осон иш эмас — улар бир-бири билан муқаррар баҳсга киришади.
Масалан, кўп минг сонли оломон бир жойга тўпланиб, айниқса улар ичида ҳокимиятга лоял бўлмаган инсонлар ҳам бўлса, шундай саволни кўндаланг қўйиши мумкин: «Фашизм устидан ғалаба қозонилган уруш тугаганидан 80 йил ўтиб, бугун йигитларимиз нима учун ҳалок бўлишмоқда? НАТО чегараларимизгача кенгаймаслиги учунми ёки Украинани «денацификация» қилиш учун?»
«Ўлмас полк» қайғуни, шунчаки қайғу эмас, ғолиблик қайғусини, қурбонлар бекорга бўлмаганини ифода этади — амалга ошмаган «кичик ғолибона уруш»да эса унинг якуни қандай тугаши ҳали ноаниқ.
Юришга кўплаб россияликлар Украина урушида ўлган қариндошларининг портретларини кўтариб келиши мумкин. Бунга қарши туриб бўлмайди. Энди «Фақат уруш бўлмаса бўлгани», «Мусаффо осмон учун раҳмат» каби классик шиорлар билан плакат кўтарган инсонни тасаввур қилиб кўринг. Бу РФ қуролли кучларини обрўсизлантиришми ёки ўлганлар устидан кулиш бўладими? Буни ким аниқлайди?
«Махсус ҳарбий амалиёт» кўлами ошиб бормоқда, юз минглаб инсонни ўз домига тортмоқда, Россияда сафарбарликнинг иккинчи тўлқини ҳақидаги миш-мишлар тинмаяпти ва уларнинг замирида ҳақиқат бор, яқинда эса ҳукумат ҳарбий хизматга чақирув қоидаларини муросасиз қатъийлаштириш орқали жамоатчиликни ҳанг-манг қилиб қўйди. Бошқача айтганда, замонавий йирик можаро аста-секин аввалгисини тарих қаърига сиқиб чиқариб, ўзи ўша даражагача ўсиб келмоқда.
«Ўлмас полк»ни бу реалликка қандай қилиб жойлаштириш мумкин, 2022-2023 йилда ўлганлар қаҳрамонлар даҳмасидан қанақа жой олади? Улар учун алоҳида даҳма қилинадими ёки номлари ўша боболари билан бир қаторда тилга олинадими? Уларни сезмаслик аллақачон имконсиз ва хунук. Улар ҳам гўёки қаҳрамонлар, уларни ҳам дабдаба билан дафн этишмоқда, лекин тантанали эълонларсиз. «Ҳеч ким ҳеч қачон унутилмайди» шиорига кўра, уларнинг исмлари саноқдан ўтказилиши, машҳур бўлиши, уларнинг ёдгорликларининг гранит плиталарида тилла рангларда ёзиб қўйиш, уларга ҳам «умрбоқийлик» рутбаси кафолатланиши керак. Лекин ҳокимият буни хоҳламайгина тилга олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз; одамлар ўлишда давом этмоқда, ёдгорликлар ўрнатиш фурсати етиб келганича йўқ, қачон ва қай шароитларда бу фурсат етиб келиши ҳам номаълум: ҳар қандай ҳолатдами ёки фақат ғалаба қозонилсами.