Жаҳон | 23:50 / 22.04.2023
11077
2 дақиқада ўқилади

Шумахер билан сохта интервью нашр этган журнал муҳаррири ишдан бўшатилди

У машҳур спортчи, ҳозирда оғир жароҳатдан даволанаётган Михаэл Шумахернинг оилавий ҳаёти ва соғлиғи ҳақида сунъий идрок ёрдамида иқтибослар келтирган эди.

Фото: CNN

Германиянинг Die Aktuelle журнали бош муҳаррири Энн Ҳоффман Формула-1 бўйича етти карра чемпион Михаэл Шумахер билан сохта интервью эълон қилгани учун ишдан бўшатилди.

Суҳбатда иқтибосларни шакллантириш учун сунъий идрок (СИ) дастуридан фойдаланилган. 2009 йилдан буён бош муҳаррир лавозимида ишлаб келган Ҳоффманнинг ишдан бўшатилганини журналга эгалик қилувчи Funke медиа гуруҳи хабар берди.

Михаэл Шумахер 2013 йилда Франция Алп тоғларида чанғи учиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисада бошидан жиддий жароҳат олган эди. Шундан сўнг у бирор марта омма олдида кўринмади, собиқ пойгачининг аҳволи ҳақидаги  маълумотлар жуда кам. Хабар қилинишича, Шумахернинг хотираси, ҳаракати ва нутқида муаммолари бор ва у Женева яқинидаги уйида парвариш қилинмоқда. Ҳалокатдан кейин унинг шахсий ҳаётини эҳтиёткорлик билан қўриқлаб келаётган оиласи интервью туфайли судга мурожаат қилиш ниятида эканлигини билдирди.

СИ томонидан яратилган ва Михаэл Шумахер жароҳат олганидан кейинги биринчи интервью 19 апрель куни чоп этилди. Funke Magazine Group директори Биянка Полманн 22 апрель куни бунинг учун узр сўради.

«Ушбу мақола бемаъни, чалғитувчи бўлди ва ҳеч қачон пайдо бўлмаслиги керак эди», деди Полманн ўз баёнотида.

«Бўлиб ўтган воқеа ҳеч қандай тарзда биз ва бизнинг ўқувчиларимиз Funke гуруҳидан кутаётган журналистика стандартларига мос келмайди», дейилади баёнотда.

СИ томонидан яратилган интервьюда Шумахернинг бахтсиз ҳодисадан кейинги оилавий ҳаёти ва соғлиғи ҳақида иқтибослар келтирилган.

Мавзуга оид