“Менга протез қўллар ҳам керакмасди” – самолётни қўлсиз бошқарган учувчи қиз буни қандай уддалаганди?
Дунёга келиши биланоқ қўлсиз эканини билишгач ота-онаси ҳам бағрига босишга шошилмаган қизалоқ Жессика Кокс оёқлари билан самолёт бошқарган илк аёл учувчи сифатида Гиннес рекордлар китобига кирган. У бундан ташқари, парашютдан сакрайди, спорт билан шуғулланади, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Буларнинг ҳаммасини қўлсиз уддалаш мумкинми?
“Қизимга ачинманг...”
1983 йил АҚШнинг Аризона штатидаги Съерра-Виста шифохонасида Инес Кокс қиз фарзандини дунёга келтирди. Дастлаб, чақалоқ йиғлаганда уни хурсанд қабул қилган шифокорларнинг кайфияти бирданига ўзгаради.
"Нима бўлди?" деб сўраган онага шифокор паст овозда "Болангнинг қўллари йўқ", деб жавоб беради.
1980 йилларда ултратовуш текшируви ҳозиргидек ривожланган эмасди. Шунинг учун чақалоқ бундай нуқсон билан туғилиши олдиндан кутилмаган. Ўша куни туғилган чақалоқ Жессика Кокс эди.
Жессикани, дастлаб, ота-онаси қабул қилиши осон кечмади. Илк бор врач қизалоқни ота-онасига берганда улардан ҳеч бири чақалоққа дарҳол қўл узатишмаган. Бироқ Жессиканинг онаси депрессиядан тезда чиқиб олади. У қизига бахтли болалик ҳадя қилиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Кўчада қизи билан бўлганда қизиқувчан одамлар яқин келиб Жессиканинг соғлиги ҳақида гапира бошлаганда она уларнинг гапини шарт кесарди: "Унга ачинманг, у ҳали жуда ақлли бўлади".
Жессиканинг ота-онаси қизини бошқа тенгдошлари билан тенг қилиб ўстиришди ва ҳеч қачон қизидан нолишмаган. Онаси Жессикага ҳамиша "Сен ким бўлишни хоҳласанг ҳам, бунга, албатта, эриша оласан!" деб уқтирарди. Бироқ барибир қизалоққа атроф-муҳитга мослашиш осон бўлмасди.
"Мен кўп ваҳимага тушиб қолардим: яқинларимни тепиб, қичқириб, тишлаб ташлардим. Нега бошқалардан фарқли эканимни, одамлар нега менга бошқача муомала қилишларини миям қабул қила олмасди. Бу мени шунчалик ғазаблантирардики, оқибатда, отам уйдаги кимнидир жароҳатлаб қўйишимдан қўрқиб хонага қамаб қўйган пайтлари бўлган", деб ёзади Жессика "Имкониятларингизни чегарасизлантиринг" номли автобиографик асарида.
Ҳали кичиклигиданоқ Жессика ўзининг жисмоний ҳолатига қарамай дунёда яшашни ўрганишга ҳаракат қилади. Укаси ва синглисидан қолиб кетмасликка, ўйинларда қўли йўқлиги учун оёғи билан ҳамма нарсани бажара олишга уринади.
Шунинг учун қизалоқнинг севимли машғулотлари ҳам кўп эди: у рақс, моделлаштириш билан шуғулланар, сайр қилишни, китоб ўқишни ёқтирарди. 10 ёшида таэквондо тўгарагига бора бошлайди ва 4 йилдан сўнг қора белбоғга эга бўлади.
Робот қизча
Жессиканинг ота-онаси уни атрофдагиларга қўшишга максимал ҳаракат қилишган. Шунинг учун ҳам қизини алоҳида эҳтиёжлари бор болалар ўқийдиган мактабга эмас, оддий мактабга беришади. Бироқ мактабда ўқиш ҳам қизга осон бўлмайди. У болалар билан ўйнамоқчи бўлганда тенгдошларидан бу унинг учун хавфли эканини эшитар, протез қўллари бўлгани учун уни "Робот қизча, капитан Ҳоок", деб чақиришарди.
Жессика 14 ёшлигида унинг оиласи Тусон шаҳрига кўчиб ўтишади. Ўшанда Жессика 8-синф эди, у мактабга бораётган илк кунидаёқ протезларини ечиб ташлади ва уларни қайтиб умуман тақмайди. "Мен ҳақиқий Жессика бўлишни хоҳлайман, ҳақиқий Жессика эса сохта қўл тақмайди", деб эслайди кейинчалик у.
Нотиқ бўлиш қарори
Жессика ўрта мактабда ўқиётган пайти устозлари ундан камбағал оилаларнинг иқтидорли болаларидан ташкил қилинган синф учун нутқ сўзлаб беришини сўрашган. Бошида Жессика уларга ноодатий нима ҳақида гапириб бера олиши мумкинлигини тушунмайди, бироқ кейин ўйлаб кўриб қандай қилиб қўлсиз яшашни ўрганганини сўзлаб беради.
Нутқдан кейин болалар Жессиканинг олдига келиб ундан илҳом олишганини айтишади. Шунда Жессика ўзининг қўли йўқлиги бошқа болаларнинг қайсидир муаммоси билан қиёсланганини кўради. Ҳамманинг қайсидир жиҳатдан имконияти чекланган деган хулосага келади.
Ўша нутқ Жессика учун ҳал қилувчи лаҳзалардан бири эди. У атрофдагилар билан очилиб гаплаша бошлайди ва нутқи нафақат бошқаларга, балки ўзига ҳам ёрдам берганини ҳис қилади.
Шундай қилиб Жессика нотиқ бўлишга аҳд қилади. Мотивацион нутқларни тўғри тузиш, катта аудитория билан ишлашни ўрганиш учун у Аризона университетининг психология ва коммуникация йўналишида ўқиб бакалавр даражасини олади.
Университетни тугатгач Жессика олдига янги мақсад қўйди. Ичидаги қўрқувни енгиш учун у парвоз қилиши керак эди. Шунинг учун 3 йиллик авиамактабни тугатди ва сертификатли учувчи бўлди. Қиз педаллари бўлмаган енгил спорт самолётини бошқаришни ўрганди. Самолётнинг тузилиши Жессикага бир оёғи билан рулни, иккинчи оёғи билан газ тутқичини бошқаришга имкон берарди.
Ўшандан бери қиз учувчиликни давом эттириб келади, мамлакат бўйлаб турли авиашоу ва тадбирларда маҳоратини намойиш этади. Жессика Кокс оёқлари билан самолётни бошқарган илк аёл учувчи сифатида Гиннес рекордлар китобига ҳам киритилган.
Орзуларга қандай эришиш мумкин?
2015 йилда у ўзининг "Имкониятларингизни чегарасизлантиринг" номли автобиографик китобини чоп этди. Китобда Жессиканинг ёзишича, ҳар қандай орзуни амалга ошириш учун одам бир нечта тамойилларга амал қилиши керак:
- Саргузаштларга интилиш;
- Эришмоқчи бўлган нарсани иштиёқ билан бажариш;
- Жасоратли бўлиш;
- Янги ижодий ечимлар топиш;
- Мувозанатни сақлаш;
- Қатъий бўлиш;
- Ҳалол бўлиш;
- Атрофдагилар қўллаб-қувватлашини қабул қилиш;
- Ҳар қандай шароитда ҳам ўзига ишониш.
"Одамлар самолётни оёқларим билан бошқаришни қандай қилиб ўрганганимни унча тушунмайдилар. Мен ўзимдаги кучни йиғиб қўрқувдан қутулдим. Ўзимни боримча қабул қилиб, ўз-ўзимдан уялишни тўхтатдим. Бу нафақат жисмоний ногиронлигимни енгиб ўтиш, балки руҳий ғалабам ҳамдир", деб ёзади Жессика.
Жессика ҳозирда учувчиликдан ташқари сёрфинг, шўнғиш, парапланда учиш, парашютдан сакраш каби машғулотлар билан ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, у мотивацион нутқлар сўзлашда ва ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам беришда ҳам давом этмоқда.
Мавзуга оид
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
20:47 / 21.09.2024