
RSF’нинг твиттер саҳифасида хабар қилинишича, эвакуация учун олти самолётдан фойдаланилган. Гуруҳнинг қўшимча қилишича, қутқарув амалиётини мувофиқлаштириш ва эвакуация қилинаётганларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ билан ҳамкорлик қилинган.
Хартумдан қанча одам олиб чиқилгани маълум эмас. АҚШ ҳозирча бу борада изоҳ бермади.
Бу ўтган ҳафтада Судан пойтахти Хартум шаҳридаги вазият кескинлашганидан буён чет эл мамлакатлари фуқароларининг эвакуация қилиниши билан боғлиқ иккинчи ҳолат.
Шанба куни 150 киши, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар ходимлари денгиз орқали Саудиянинг Жидда портига эвакуация қилинганди. Булар асосан Форс кўрфази мамлакатлари, шунингдек, Миср, Покистон ва Канада фуқаролари эди.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак шанба куни эрталаб Cobra қўмитасининг Судандаги вазиятга бағишланган йиғилишини ўтказди.
Британия ҳукумати Хартумдаги фуқаролари ва дипломатларига ёрдам бериш учун бор имкониятлар ишга солинишини маълум қилган.
Баёнотда айтилишича, мудофаа вазирлиги ТИВ билан қатор чора-тадбирларни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда, аммо бу эвакуацияни ҳам ўз ичига олишига аниқлик киритилмаган.
Судандан чет эл фуқароларини эвакуация қилиш бўйича аввалги режалар хавфсизлик нуқтайи назаридан амалга ошмай қолганди.
Судандаги Хартум халқаро аэропорти жанглар туфайли ёпиб қўйилган, шу туфайли хорижий давлатлар элчихоналари, жумладан АҚШ ва Буюк Британия ҳам ўз фуқароларини уйига қайтара олмаётганди.
Хартумдаги жанглар ва эвакуация
Шанба куни Судан армияси бош қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон «яқин соатлар ичида» эвакуация таъминланиши тўғрисида маълум қилди.
Судан армияси баёнотида Британия, Америка, Франция ва Хитой фуқаролари ҳамда дипломатлари Хартумдан ҳарбий-транспорт самолётлари орқали эвакуация қилиниши айтилган. Аммо Хартум марказида давом этаётган шиддатли жанглар шароитида эвакуация қандай кечишини тасаввур қилиш қийин.
Саудия Арабистони ҳам ўзининг ҳамда «биродар мамлакатлар»нинг фуқаролари эвакуацияси ташкиллаштирилгани ҳақида хабар берди. Al-Ekhbariyah давлат телеканалига кўра, шанба куни Жидда портига Судандан Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларнинг ўнлаб фуқаролари олиб келинган.

















