Жаҳон | 23:50 / 27.04.2023
13651
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган заҳарли сироп Тинч океани оролларида топилди 

Йўталга қарши Guaifenesin TG сиропи намуналарида диэтиленгликол ва этиленгликол миқдори меъёрдан ортиқ экани аниқланган. 

Фото: REUTERS/Ajeng Dinar Ulfiana/Illustration

Тинч океанидаги Маршалл ороллари ва Микронезияда ҳинд компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўталга қарши заҳарли сиропи топилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) таяниб Reuters хабар берди. 

ЖССТ баёнотида Маршалл ороллари ёки Микронезиядаги болалар касаллангани ёки ўлими ҳақида маълумот келтирилмаган. 

2022 йил охирида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироплардан Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган ўнлаб болалар вафот этган эди. 

ЖССТ баёнотига кўра, Guaifenesin TG йўтал сиропи намуналарида диэтиленгликол ва этиленгликол миқдори меъёрдан ортиқ экани аниқланган. Уларнинг иккаласи ҳам истеъмол қилинган тақдирда одамлар учун заҳарли ва ўлимга олиб келиши мумкин. Заҳарли моддалар Австралиянинг назорат қилувчи органи Therapeutic Goods Administration (TGA) томонидан аниқланган. 

ЖССТ маълумотларига кўра, сироплар Ҳиндистоннинг Панжоб штатида жойлашган QP Pharmachem Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ҳаряна штатида жойлашган Trillium Pharma компанияси томонидан экспорт қилинган. Ҳар иккала компания ҳам ўз маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати бўйича ЖССТга кафолат бермаган. 

Аммо QP Pharmachem компанияси бошқарув директори Судҳир Патҳак сўзларига кўра, экспорт қилинган сиропларда заҳарли моддалар йўқ. 

«Биз уларнинг таркибини текширдик ва қониқарли деб топдик. Шунингдек, назоратчи идора ҳам буни қониқарли деб ҳисоблади», деди у. 

Патҳак шунингдек, сироп Ҳиндистонда ҳам тарқатилаётганини ва компанияга ҳозирча ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини айтди. 

Патҳак сўзларига кўра, QP Pharmachem Ҳиндистон ҳукуматидан фақат Камбожага 18 минг шиша сироп экспорт қилиш учун рухсат олган. Маҳсулот Маршалл ороллари ва Микронезияга қандай етиб боргани номаълум. 

ЖССТ баёнотига кўра, мамлакатлар заҳарли дориларни аниқлаш учун назоратни кучайтириши керак. Сифатсиз дори-дармонларни аниқлаш бўлими раҳбари Рутендо Кувана сўзларига кўра, ташкилот дориларни синаб кўришда ёрдам бериш учун мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. 

«Биз намуналар йиғиб, уларни синаб кўришга ҳаракат қилмоқдамиз», деди у. 

Мавзуга оид