Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Шарқий Африкадаги ҳуманитар инқироздан хавотирда
Судандаги ҳуманитар инқироз бутун минтақага тарқалиши мумкин, у аллақачон иқлим ўзгариши туфайли қийин аҳволда, дея таъкидлади БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари.
Суданда давом этаётган жанглар натижасида бутун Шарқий Африка минтақасида ҳуманитар инқироз юзага келиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP). 30 апрел, якшанба куни Германиядаги Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Мартин Фрикнинг сўзларига кўра: “Бу мамлакатда урушлар бошланишидан олдин ҳам аҳолининг учдан бир қисми очликдан азият чеккан, ҳозир эса у ерда ҳамма нарса етишмаяпти, озиқ-овқат нархлари эса осмонга кўтарилган”.
Нархларнинг худди шундай ўсиши қўшни давлатлар - Чад ва Жанубий Суданда ҳам кузатилмоқда, дея қўшимча қилди ташкилот вакили. "Иқлим ўзгариши туфайли айрим ҳудудларда кузатилаётган қурғоқчилик билан бир вақтнинг ўзида сув тошқини остида қолган Жанубий Суданда озиқ-овқат нархи жуда қисқа вақт ичида 28 фоизга ошди. Чад ва Жанубий Судан Судандаги жанглар бошланганидан бери минглаб қочқинларни қабул қилди", дейди Фрик. Шу билан бирга, ўта оғир аҳволда бўлган Сомали яриморолида кетма-кет олтита ёмғирли фасл бўлмаганидан кейин кескин вазият юзага келмоқда.
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Судандаги шиддатли жанглар туфайли 7,6 миллион кишига ёрдам беришни тўхтатишга мажбур бўлди. Хавфсизлик шароити имкон берса, иш яна давом этади, дея ишонтирди Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Германиядаги раҳбари.
Айни вақтда, 30 апрел куни – Судандаги можаро кескин кучайганидан икки ҳафта ўтиб – Халқаро Қизил Хочнинг биринчи самолёти ушбу мамлакатга қўнди. Ташкилотнинг таъкидлашича, бортда Иорданиядан саккиз тонна ҳаётий зарур тиббий буюмлар, жумладан, жарроҳлик асбоблари, анестетик препаратлар ва боғловчи материаллар келтирилди.