Жаҳон | 11:15 / 03.05.2023
2964
2 дақиқада ўқилади

Сербия ва Косово бедарак йўқолганлар тўғрисидаги декларацияни маъқуллади

Александр Вучич ва Албин Курти Европа Иттифоқи воситачилигида Брюсселда учрашди. Томонлар бедарак йўқолганлар масаласида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Аммо Косово шимолидаги вазият бўйича яқинлашувга эришиб бўлмади.

Фото: Anadolu agency

Сербия президенти Александар Вучич ва Косово бош вазири Албин Курти Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ташаббуси билан муносабатларни нормаллаштириш мақсадида Брюсселда учрашди. 2 май, сешанба куни томонлар 1998-99 йиллардаги урушдан сўнг бедарак йўқолганларнинг жасад қолдиқларини аниқлаш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича сиёсий декларацияни тасдиқлади (Йўқолганлар декларацияси).

“Иккала томон бедарак йўқолганлар муаммоси инсонпарварлик муаммоси эканини тан олди, жабрланган оилалар ва кенг жамоатчиликнинг оғир аҳволини енгиллаштириш учун қўшимча биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кераклигини таъкидлади”, — дейилади Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) баёнотида. ЕИ маълумотларига кўра, гап ҳануз бедарак йўқолган деб ҳисобланувчи 1621 киши ҳақида кетмоқда.

Сербия ва Косово ҳужжатларни, жумладан, махфий ҳужжатларни алмашишга, шунингдек, оммавий қабрларни топиш учун сунъий йўлдош маълумотлари ва бошқа технологиялардан фойдаланишга келишиб олди, деб хабар бермоқда Reuters.

Томонлар бош музокарачилар даражасида ЕИ кўмагида муносабатларни нормаллаштириш бўйича мулоқотнинг навбатдаги раундида оператив тафсилотларни келишиб олишга қарор қилди. Йиғилиш иштирокчилари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси раислигидаги ишчи гуруҳнинг муҳим ҳиссасини ҳам эътироф этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид