Жаҳон | 09:43 / 06.05.2023
9422
2 дақиқада ўқилади

“Ғалла битими” бўйича навбатдаги музокаралар тўхтаб қолди

Украина, Россия, Туркия ва БМТ Украина ғалласини ташиш учун янги кемаларга рухсат бериш бўйича келишувга эриша олмади, дея хабар қилди БМТ Бош котиби расмий вакили ўринбосари Фарҳан Ҳақ журналистларга. 

Фото: Shutterstock

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, аввал рухсат берилган кемаларни ҳар куни текшириш давом этмоқда. 

Аввалроқ Россия, агар ўз ғалла ва ўғитларини экспорт қилиш билан боғлиқ бир қатор талаблар бажарилмаса, “ғалла битими”ни 18 майдан кейин узайтирмаслик билан таҳдид қилган эди.

G7 давлатлари Украина ғалласини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича муҳим келишувни "узайтириш, тўлиқ амалга ошириш ва кенгайтириш"га чақирганди. Бу ҳақда 23 апрел куни Япониянинг Миязаки шаҳрида бўлиб ўтган "Катта еттилик" аъзо мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилиши якунлари бўйича коммюникега таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

Ҳужжатда, шунингдек, "озиқ-овқатдан беқарорлик воситаси ва геосиёсий мажбурлаш воситаси сифатида фойдаланишга" уринаётган Россиянинг позицияси ҳам қораланади. G7 давлатларининг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш ва "Россиянинг озиқ-овқат "милитаризациясидан" энг кўп жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш"га қатъийлиги тасдиқланди.

Бундан ташқари, коммюникеда G7'га аъзо мамлакатлар Украинани тиклаш ва реконструкция қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларини миналардан тозалаш ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини тиклаш соҳасида экспертиза тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари эълон қилинган.

Москва, Россия нуқтайи назаридан, 18 майда тугайдиган “ғалла битими”нинг узайтирилишини муаммоли деб атаган эди. Россия Федерацияси ўзи томонидан қўйилган барча шартларни бажаришни талаб қилди. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершининнинг сўзларига кўра, ҳозирча ҳеч қандай натижа кўринмаяпти, келишувни Россия манфаатларига, шунингдек, жаҳонда глобал озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказадиган тарзда амалга оширишни давом эттириш мумкин эмас.

Мавзуга оид