Буғдой ўримидан кейин 23 минг гектар майдон ёқиб юборилган — “Ўзбеккосмос”
“Ўзбеккосмос” агентлиги далалардаги ноқонуний ёнғинларнинг космик суратларини эълон қилди. Унга кўра, ярим йил давомида ер майдонларида сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёниши билан боғлиқ 2 мингга яқин ҳолат кузатилган.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг январидан июлига қадар бошоқли дон экинларидан бўшаган 23 минг 273 гектар майдонда сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёниши билан боғлиқ 1 минг 960 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги маълум қилди.
Ҳудудлар кесимида:
Тошкент вилояти – 9 минг 638 гектар (439 та ҳолат);
Сурхондарё вилояти – 5 минг 7 гектар (562 та ҳолат);
Самарқанд вилояти – 1 минг 711 гектар (191 та ҳолат);
Наманган вилояти – 2 минг 9 гектар (112 та ҳолат);
Жиззах вилояти – 931 гектар (54 та ҳолат);
Фарғона вилояти – 65 гектар (11 та ҳолат);
Андижон вилояти – 3 минг 868 гектар (319 та ҳолат).
Агентликнинг огоҳлантиришича, ғалладан бўшаган майдонларда сомон пояси ёқилишига йўл қўйган жавобгар шахсларга нисбатан МЖТКнинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш баравардан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниб, ерга ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарлар ҳам ҳисобланиб, тегишли тарзда ундириб олиниши белгиланган.
“Ўзбеккосмос” 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази тарқалишини эслатган.
“Бу инсон организмида сил ва саратон касалликлари келиб чиқиши, атроф-муҳит ифлосланиб, тупроқ унумдорлиги пасайиши каби оқибатларга олиб келади”, – дейилади хабарда.
Экология вазирлигига кўра, сомонпоя қолдиқларини ёқиш натижасида атмосферага углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиги учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.
Қолаверса, сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлиги кескин пасаяди, тупроқ структураси бузилади. Ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида эса экин ерларининг балл бонитети (тупроқ унумдорлиги) тушиб кетади.
Мавзуга оид
18:43
Ўзбекистоннинг кўп асрлик дарахтлари махсус халқаро рўйхатга киритилди
21:41 / 09.10.2024
Сўнгги 5 йил ичида илк бор Шимолий Оролга сув қуйиш режаси бажарилди
21:40 / 09.10.2024
Тошкент ҳавосининг ифлослиги йилига 3 минг кишининг бевақт ўлимига олиб келади — ҳисобот
20:54 / 09.10.2024